АҚШ давлат департаменти Хитой давлат оммавий ахборот воситаларининг АҚШ ҳудудида ишлашига рухсат берилган ходимлари сони кескин қисқартирилишини эълон қилди. Таъкидланишича, уларнинг сони 160 нафардан 100 нафаргача қисқартирилади.
АҚШ давлат котиби Майк Помпео ушбу чорани АҚШ ОАВ ходимларининг Хитойда тобора кучли кузатувга олиниши, тақиб қилиниши ва қўрқитилишига қарши “жавоб чора” деб тушунтирди.
“Мақсадимиз – ўзаро тенгликдир. АҚШ-Хитой муносабатларининг бошқа соҳаларидаги каби биз анчадан бери тенг шароитлар яратишга интиламиз. Умид қиламизки, ушбу қадамлар Пекинни Хитойда бизга ва бошқа хорижий матбуотга ўзаро манфаатли асосда янада адолатлироқ бўлишга ундайди”, деб айтилган Помпео баёнотида.
Аввалроқ Пекин АҚШда чоп этилувчи Wall Street Journal газетасининг 3 мухбирини газетада чоп этилган мақоланинг камситувчи сарлавҳаси сабабли Хитойдаги аккредитациядан маҳрум қилганди.
МАВЗУГА ДОИР: АҚШ хитойлик олимларни қувиб чиқармоқда
АҚШ давлат департаменти фармойишига мувофиқ, 13 март кунидан Хитой давлат ОАВнинг АҚШдаги ходимлари сони ҳозирги 160 нафардан 100 нафаргача камайтирилиши керак.
“Синьхуа” ахборот агентлигига 59 нафар, China Global Television Network’га 30 нафар, China Daily газетасига 9 нафар ва Хитой халқаро радиосига 2 нафар ходимни қолдиришга рухсат берилган.