Беларусь давлат гербидаги Россия тасвири Европага алмашади

Беларусь давлат гербидаги Россия тасвири Европага алмашади

Лойиҳага кўра чап томондаги шакл ўнг томондагига ўзгаради

Беларусь парламенти шу йил баҳорда давлат гербига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқчи.

Ўзгартиришнинг асосий қисми бадиий хусусиятга эга. Лойиҳада айтилишича, герб кўриниши йирикроқ бўлади, "Рэспублiка Беларусь" ёзуви янада аниқроқ кўринишга келтирилади. Шунингдек, гербдаги тасмалар ранги, тилларанг бошоқлар шакли, зиғир (лён) ва себарга (клевер) расми ўзгаради. 

Бундан ташқари, давлат гербидаги глобусда тасвирланган ва Россия аниқ кўриниб турган Евросиё харитаси Европа харитасига алмашади.

Беларуснинг ҳозир амалда бўлган герби Белоруссия Совет Социалистик Республикаси гербининг ўзгартирилган кўриниши бўлиб, у 1995 йил 7 июнда ўша йил 14 майда ўтган референдум натижаларига кўра жорий қилинган. Совет Иттифоқи қулаган 1991 йил 10 декабрдан 1995 йилгача эса “погоня” – қилич-қалқон кўтарган, от устида ёвга ҳамла қилаётган жангчи тасвири Беларусь давлат герби бўлган.