«Беларусча сценарий» — Бишкекда сайлов натижаларидан норози халқ намойиш уюштирмоқда

«Беларусча сценарий» — Бишкекда сайлов натижаларидан норози халқ намойиш уюштирмоқда

Фото: Табылды Кадырбеков / Sputnik / РИА Новости

4 октябр, якшанба куни Қирғизистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди. 

Бугун эса мамлакат пойтахти Бишкек шаҳрида сайловлар натижаларига қарши намойишчилар мамлакат президентининг девони жойлашган парламент биносига бостириб кира бошладилар. Полиция ва ОМОН намойишчиларни тарқата бошлади. Қалқон ва таёқ билан жиҳозланган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари шаҳар марказий майдонидан оломонни орқага суриб, сув пуркагичлар, кўздан ёш оқизувчи газ ва шовқинли гранаталардан фойдаланмоқда, деб ёзади РИА Новости. Намойишчилар энг яқин кўчаларни ахлат қутилари билан тўсиб қўйишмоқда ва уларни ёқиб юборишяпти, шунингдек йўлак тошларини (брусчатка) синдиришяпти.

 

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 24.кг нашрига айтишича, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ ва Бишкек шошилинч тиббий ёрдам марказига майдондан қўнғироқлар келмаган. Шу билан бирга гувоҳларнинг сўзларига кўра, намойишчиларни тарқатиш пайтида ярадорлар бўлганлар ва жароҳатланганлар бор. 

 

Норозилик намойишларида Парламентда ўрин ололмаган 11 партиянинг тарафдорлари иштирок этишди. Улар сайлов натижаларини бекор қилишни ва қайта овоз беришни талаб қилмоқдалар. Умуман олганда, оммавий ахборот воситаларининг ҳисоб-китобларига кўра, шаҳар марказида 3 мингга яқин одам йиғилган.

 

Сайловнинг дастлабки маълумотларига кўра "Биримдик" партияси 24,5%, "Мекеним Кыргызстан" партияси 23,8% овоз тўплаган. Парламент остонасини енгиб ўтган яна икки партия - "Кыргызстан" ва "Бутун Кыргызстан" мос равишда 8,7% ва 7,1% овоз олди. Сайловда жами 16 та партия иштирок этган.