Бир қатор банкларнинг валюта биржаси савдоларидаги иштироки вақтинча тўхтатилди

Бир қатор банкларнинг валюта биржаси савдоларидаги иштироки вақтинча тўхтатилди

Ўзбекистон Марказий банки бир қатор тижорат банкларининг савдолардаги иштирокини вақтинчалик тўхтатди.

Қайд этилишича, улар валюта биржаси (ЎзРВБ) савдоларида мунтазам қоидабузарликларга йўл қўйишган.

Ҳамкорбанк, Туркистон банк, Хайтек банк, Универсал банк, Инвест финанс банк, Ипак Йўли Банк, Савдогарбанк, Траст банк, Азия Альянс банкларининг савдолардаги иштироки вазият аниқлаштириб олингунига қадар вақтинчалик тўхтатилди.

Марказий банкнинг маълум қилишича, валютани тартибга солиш соҳасидаги қонунчиликни бузгани учун мазкур банкларга нисбатан 2018 йил ва 2019 йилнинг ўтган даврида 31 ҳолатда жами 2.5 млрд сўм миқдорида жарима санкциялари қўлланилган.

Шу билан бирга, тижорат банклари хорижий валюта олди-сотди амалиётларини биржадан ташқари валюта бозорида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.

Банк мижозлари тижорат банки чет эл валютасини харид қилиш ва сотишни рад этган ҳолларда Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига мурожаат этишлари мумкин.

4972