Бизга ваъда қилинган президент мукофот пуллари берилмади – Коронавирус билан курашаётган шифокор

Бизга ваъда қилинган президент мукофот пуллари берилмади – Коронавирус билан курашаётган шифокор

ГУЛШОДА МУСАЕВА Фото: BBC Ўзбек хизмати

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси шифокори Гулшода Мусаеванинг Би-би-сига айтишича, шифохона ходимлари коронавирус билан курашиб узоқ муддатдан бери шифохонада қолаётган бўлсалар-да, уларга ваъда қилинган рағбатлантириш пули берилгани йўқ. Унинг айтишича, март ўртасида ходимлар касалхонада карантинга олинган вақти уларнинг рўйхати олинган ва “президент мукофоти” ваъда қилинган. Аммо, бу ёрдам пули ҳақида қилинган мурожаатлари жавобсиз қолмоқда. “Ҳеч қаерга бориб мурожаат қилолмаймиз, ичкаридамиз. Бир қадам кўчага чиқиш йўқ, қуролли аскарлар ўраб турибди. Тўғрисини айтсам, кўчанинг юзини кўрмадик”, — дейди шифокор.

Би-би-си бу масалада Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига мурожаат қилди, аммо ҳозирча жавоб олгани йўқ.

“Ўзим кўп йиллардан бери инфекционистман, ёшим 60да, 1983 йилда институтини битирганимдан бери шу соҳадаман. Шу касалхонадаги қабулхона бўлим бошлиғиман. 45 ходимимиз билан 16 мартдан бери карантиндамиз. Бизга бошидан чартер рейсдан келганлар, Англиядан, Туркиядан, Дубай, Қозоғистондан, Россиядан келганларни олиб келишди, биз 14 кун давомида уларнинг таҳлилларини олиб диагнозларини қўйиб беришимиз керак эди. Биринчи карантинда бизда 101 бемор бўлди. Туркиядан келган коронавирус аниқланган икки киши оилалари билан бизда ётиб даволанди. Кейин уларни Вирусология институтига ўтказишгандан кейин, бизда 99 нафар “контактный”лар қолди. 

Апрель бошида бизни карантиндан чиқаришди ва бир ҳафта уйда бўлдик, чунки касалхона “мойка”, яъни дезинфекция қилиб тозаланди. Лекин 15 апрелдан яна ишга карантинга кирдик, чунки бизга 15 апрелдан бошлаб бевосита коронавирус беморлари билан мулоқотда бўлганлар кела бошлади. Бу асосан беморларнинг оила аъзолари. Биз улар орасидан ҳам беморларни ажрата бошладик. Бу жуда хавфли қатлам ҳисобланади, чунки қабул қилганда билмайсиз — уларда ҳам вирус бўлиши мумкин.

Ҳамма тайёргарликдан ўтганмиз. Бизда уч даволовчи врач ва уч реанимация врачимиз коронавирус бўйича онлайн курслардан ўқиб ўрганиб сертификат олдик. Шу сабаб иккинчи карантинда анча-мунча касалларни ажратиб олдик, мазок суртмаларини текшириб. Бизда учта беморимиз сунъий нафас аппаратида ётди. Баъзи беморларда иккинчи ё учинчи анализларни кутиш керак, оилавий-оилавий бўлиб келаверишди — бирининг кассир онасидан коронавирус чиққан, яна бириники санитарка бўлиб ишларкан, тиббиёт ходимлари ҳам вирусни юқтириб бизга тушишди. Уларни биз тўлиқ текшира олмаганимиз учун контейнерларга кўчиришди.

Энди, уларни контейнерга кўчиришганидан кейин бизнинг ўзимизни карантинга олишди. Майли, ҳамма шароитлар яхши, Оллоҳга шукур. Биз 16 мартда карантинга кираётганда биронта ходимимиз қандайдир молиявий мукофотни ўйламаган — фақат фидокорлиги учун кирган, вазифасини билиб кирган. Биз ойлигимизни олиб ишлаб юрган оддий инсонлармиз.

Лекин, карантинга кирганимизда, тўғриси, бизда қўрқув кўп бўлди — кечалари билан беморларни қабул қилдик. Бемор билан рўпарама-рўпара ўтирибмизми, жуда қўрқдик, лекин ошиқча бирон моддий ёрдамни ҳаёлимизга ҳам келтирмадик. Битта ниятимиз — беморларни даволаб, ўзларимиз юқтирмасдан ёруғ юз билан эсон-омон шу ердан чиқиш эди. Врачлар етишмайди, буни билганимиз учун яна ўша таркибда қайтиб иккинчи карантинга ҳам кирдик. Бурчимиз — шу. Президентимизга беҳисоб шукур дейман, бизда ҳамма шароитлар қилинган, ҳамма тиббиёт ходимларига ҳатто кунлик 6 фоизлик тўловлар бўлди, раҳмат.

Лекин, биз билан бирга ишлаётган дезинфектор ходим бор, у Чирчиқ шаҳридаги Давлат санитария эпидемиологик назорат марказидан келган. Бизда ишлаётган қизлар кейин буни билиб қолишди — уларга 10-15 миллион сўмдан қўшимча ёрдам берилибди. Биз ҳам беморлар билан ишладик-ку?.. Саккиз соатлаб скафандерларда ишлашнинг ўзи бўлмади, кийган махсус этикларимиздан оёқларимиз қай аҳволга келганини сўраманг. Шикоят қилмадик. Касалларнинг мунтазам иситмасини ўлчадик, ҳар бир палатага кунда неча марта кириб хабар оламиз, жонлантириш бўлимида сунъий аппаратда ётганларга қарашнинг ўзи бўлмайди. Кечалари уч соатгина ухлаган кечаларимиз бўлди. Лекин, биз билан ёнма-ён ишлаётган дезинфекторларга берилган ёрдам бизга ҳам берилиши мумкиндир деган таклиф билан чиқдик. Чунки улар ҳам, биз ҳам бир вазирликка қараймиз. Лекин, ҳеч ким бир оғиз бирон марта телефон қилиб аҳволимизни ҳам сўрамади. “Жон қизларим, сизлар ўзингизни асранглар, сизлар бизга кераксизлар” дейишганида ҳам, бу оддий сўзлар қанча кўнгилларимизни кўтарган бўларди. Ҳеч кимнинг биз билан иши йўқ.

Биринчи карантинга кирганимизда “президентнинг мукофоти”га деб 45 ходимимизни рўйхатга олишди. Иккинчи карантинда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси яна рўйхатга олди. Рўйхатимизни оляпти экан, биз шу мукофотга лойиқдирмиз деб ўйлагандик.

Биз мавҳум ҳолатда қолдик — бирон мутасадди шахс, масалан вилоят соғлиқни сақлаш бўлими мудири “сизларга бу мумкин ё мумкин эмас” деб бирон изоҳ бермади. Бизнинг ҳам орамизда қийналиб қолганлар бор, ночор оилалар, боқувчисини йўқотган ҳамширалар, учта боласини якка ўзи боқаётган санитарка аёллар бор. Шу аёллар ҳам ўзларида матонат топиб шу инфекциянинг ичига кирдилар-ку? Реанимацияда ишлайдиган қизларнинг отасига раҳмат дедим, тўғриси. Буни фақат кун бўйи ўша скафандрнинг ичида бўлиб кўрганлар тушунади. Беморлар ичида юрагида ваҳима билан юришди. Уларнинг саволларига ким жавоб беради? Менда жавоб йўқ.

Ҳеч қаерга бориб мурожаат қилолмаймиз, ичкаридамиз. Бир қадам кўчага чиқиш йўқ, қуролли аскарлар ўраб турибди. Тўғрисини айтсам, кўчанинг юзини кўрмадик. Биринчи карантин 22 кун давом этди, буниси ҳам шунча давом этади. Аскарлар чиқишга қўймайди, қизим мени узоқдан кўраман деб келгандаям, киринг опа киринг, деб чиқаришмади. Ҳеч ким чиқмайди, энди 7 майгача шу ердамиз.

Касалларимизга ҳам, ходимларимизга ҳам озиқ-овқат таъминоти аъло даражада бўлди, ҳеч камчилик йўқ. Мана Рамазон ойлари рўза тутганмиз, бари бир уч маҳал иссиқ овқат бор, жуда яхши, президентимизга минг раҳматлар деймиз. Дори ё ҳимоя воситаларидан ҳам ҳеч узилиш бўлмади. Биз ҳар йили хавфли касалликлардан қандай сақланиш бўйича имтиҳон топширамиз, шунинг ҳисобига ўзимизни ҳимоя қилишни билганимиз учун вирусни, шукур, юқтирмадик.

Агар давлат бу қизларни шу пулга лойиқ кўрмаган бўлса, айтилсин, биз розимиз. Лекин, меҳнат ҳамиша рағбати билан гўзал. Балки президентимиз биз учун ажратган пуллари бошқа чўнтакларга кетаётгандир? Бу шунчаки савол, биз ҳеч нимани билмаймиз. Гумон иймондан айирар, дейишади-ку…”