Блогер Нафосат Оллошукурова босимлар туфайли Ўзбекистонни тарк этди

Блогер Нафосат Оллошукурова босимлар туфайли Ўзбекистонни тарк этди

Ўтган йил охирида Хоразм вилоят руҳий касалликлар шифохонасида уч ой давомида мажбурий даволанган блогер Нафосат Оллошукурова Ўзбекистонни тарк этганини маълум қилди.

“Ҳурматли ватандошлар, мен ўз юртимни тарк этиб кетишга мажбур бўлдим. Буни журъатсизлик ёки қочиб кетиш деб баҳоламасликларингизни, аксинча, тарк этиб кетиш деб билишларингизни хоҳлардим”, — деб ёзди у Facebook- саҳифасида.

МАВЗУГА ДОИР: Омбудсман вакиллари психологик касалликлар диспансерида мажбурий даволанаётган блогер Нафосат Оллошукурова билан учрашди

Нафосат Оллошукурованинг таъкидлашича, ўтган йил давомида у бир неча бор тазйиқларга учраган ҳамда шоир ва журналист Маҳмуд Ражаповнинг Хоразмдан Тошкентга пиёда юриш кампаниясини ёритгандан сўнг руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилгани унинг ўзгаришларга бўлган ишончи йўқолган.

Руҳий касалликлар шифохонасидан озод этилиб, Тошкентга қайтгач, у йўқлигида уч марта руҳий беморлар рўйхатига киритиш учун уйига шифокорлар келган. Нафосат Оллошукурованинг фикрича, уни яна руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштиришмоқчи бўлишган.

Блогер ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош психиатри Левон Амбарцумов унинг руҳий ҳолати вақтинчалик экани ва сурункали касаллик эмаслигини айтган бўлса ҳам нима сабабдан уни руҳий касалликлар шифохонасида рўйхатга ўтказишмоқчи эканини сўради.

“Мен Ўзбекистонда блогерлар эркин фаолият кўрсата олмайди, деган қарорга келдим ва бош олиб чиқиб кетишга мажбур бўлдим”, — деб ёзди у.

Нафосат Оллошукурова АҚШ элчихонаси, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Эзгулик” жамияти, хусусан Абдурахмон Ташанов, адвокат Умидбек Давлатовга мамлакатни тарк этишга ёрдам бергани учун миннатдорчилик билдирди.

МАВЗУГА ДОИР: Президент: «Кўп одамларга журналистлар ёқмайди, лекин менга улар ёқади»

Нафосат Оллошукурова 2019 йил 26 сентябрь куни суд қарорига кўра, Хоразм вилоятининг психологик касалликлар диспансерида мажбурий даволанишга жойлаштирилган эди.

“Газета.uz”га яқинда берган интервьюсида Нафосат Оллошукурова ўзини хавфсиз ҳис қилмаслигини, аммо у инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятини давом эттириш ниятида эканлигини айтган эди.