Бош прокуратура департаментининг 40 та штат бирлиги қисқартирилади

Бош прокуратура департаментининг 40 та штат бирлиги қисқартирилади

Аввал хабар қилганимиздек, «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги (Агентлик) ташкил этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Агентлик бошқарув ходимларининг чекланган сони 50 та штат бирлиги миқдорида белгиланди.

Улар 10 та штат бирлиги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, 40 та штат бирлиги эса Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.

Агентлик директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитлари бўйича вазирга, директор ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.

Агентлик директори ўринбосарлари Агентлик директори тақдимномасига кўра Президент томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.