Бухорода кучли шамол оқибатида бир киши ҳалок бўлди, ўттизга яқин фуқаро тан жароҳати олди

Бухорода кучли шамол оқибатида бир киши ҳалок бўлди, ўттизга яқин фуқаро тан жароҳати олди

Фото: ФВВ

Аввал хабар берганимиздек, 2020 йил 27 апрель куни соат 20:00дан 28 апрелгача соат 00:30га қадар Туркманистон Республикаси ҳудудидан кучли шамол кириб келиб, республикамизнинг Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида 9-40 м/сек. тезликда шамол эсиши кузатилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, натижада бир неча фуқаро жабрланиб, улардан бир нафари ҳалок бўлди. Шунингдек, ҳудудлардаги дарахтларнинг ағдарилиши натижасида ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли яшаш хонадонлари ва автотранспорт воситаларига зарар етган.

Юзага келган шамол оқибатларининг асосий қисми Бухоро вилоятига тўғри келади. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг берган маълумотига кўра, тахминан 29 нафар фуқаро енгил ва 1 нафар фуқаро оғир тан жароҳати олган бўлиб, 1 та ҳолатда ўлим қайд этилган.

Енгил ва оғир тан жароҳати олган 5 нафар фуқаро тиббиёт муассасасига ётқизилган. 26 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйга жавоб берилган.

Содир бўлган фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича вилоят ҳокимликларида штаблар ташкил этилиб, фавқулодда вазиятларни баҳолаш комиссиялари келтирилган зарарларни аниқлаш ишларини олиб бормоқда.

Амалий тадбирларга ФВБлардан жами 704 нафар шахсий таркиб, 127 та автотранспорт воситаси, шунингдек, маҳаллий ҳокимиятлар ва Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига кирувчи ИИБ, ССБ, Коммунал ва бошқа тегишли хизматлардан масъул ходимларни жалб этган ҳолда талофат оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.