Энди ҳеч қандай ваҳималарсиз! Жуда ҳам қўрқиб кетмаслик учун коронавирус ҳақида нималарни билиш керак?

Энди ҳеч қандай ваҳималарсиз! Жуда ҳам қўрқиб кетмаслик учун коронавирус ҳақида нималарни билиш керак?

Коронавирус Жанубий Америкага ҳам етиб борди. Сан-Паулу аэропорти, Бразилия./EPA

Коронавирус тарқалиши ҳақидаги хабарлар қарийб сўнгги икки ойдан бери барча ахборот нашрларининг янгиликлар тасмасида юқори қаторларда турибди. Турли давлатлар унга қарши карантин меъёрларини киритди. Аллақаердадир одамлар бу касаллик васвасасидан ғалати ҳаракатларга қўл ура бошлади, масалан, ҳожатхона қоғозларини ғамлашга киришиб кетди. 

Қуйида коронавирусдан унчалик ҳам қўрқмаслик учун у ҳақда нималарни билиш кераклигини эслатиб ўтамиз.        

Албатта, яқиндагина пайдо бўлган бу касалликнинг хавфини камайтириб кўрсатиш тўғри иш эмас. Шунинг учун унга қарши қатъий чораларни қўллаган турли давлатлар ҳукуматлари бу борада ҳақ. 

Шу билан бирга ундан даҳшатга тушишга ҳам асос йўқ. Яхшиси, унга қарши усуллардан фойдаланиш ва шахсий гигиена ҳақида қайғуриш лозим. 

Ҳаммамиз ўламизми? – Йўқ.

Шифокорларнинг маълум қилишича, Covid-19 вирусидан зарарланган кишиларнинг ўлим кўрсаткичи оддий гриппга солиштирганда ўн баравар юқори. Аммо бу ўринда мутлақ рақамларга ва бошқа майда жиҳатларга эътибр бериш керак бўлади. 

АҚШнинг Жонс Ҳопкинс Университети коронавирус тарқалишини кўрсатиб турадиган интерфаол ва етарлича тезкор равишда янгиланадиган онлайн харитани ишлаб чиқди. 

Америкалик тадқиқотчилар йиғиб бораётган бу маълумотлар янгиликларда жуда камдан-кам эслатилаётган ҳолатни – вирус билан касалланганларнинг ярмидан ортиғи (ҳозиргача 64 046 киши) аллақачон тузалиб кетганини кўрсатади.

Коронавирус билан зарарлангани расман тасдиқланганларнинг 80%ида касаллик енгли шаклда кечяпти. 

2020 йил 10 март, сешанба куни тонгида дунёда бу вирус билан касалланганлар сони 115 мингдан ортган бўлса (улардан 81 минги Хитойда), ўлганлар сони 4 000 дан ошди (улардан 3 000 нафардан ортиғи Хитойда). Шунда ўлим даражаси 3,5% атрофида бўлади. 

Коронавирус туфайли вафот этаётганларнинг катта қисми кекса ёшдагилар ва бошқа касалликлар билан ҳам оғриган кишилар эканлиги, ёшроқ одамлар учун эса бу вирусдан ўлиш таҳдиди деярли нолга тенглиги ҳақида жуда кўп марта ёзилди.   

Бундан ташқари, ўлим даражасини ҳисоблаганда яна бир ҳолатга урғу бериш керак. Шифокорларнинг айтишича, вирусдан зарарланган кўплаб кишиларда касаллик шунчалик енгил ўтганидан уни пайқаб бўлмайди, касалликни оддий шамоллаш каби ўтказиб юборишади. Агар касалликни мана шу тарзда ўтказиб, тузалиб кетаётганларнинг аниқ сонини билиш имкони бўлса, унда юқорида келтирилган ўлим даражаси (3,5%) кескин камаяди.

Мисол учун, Англиянинг бош санитар шифокори, профессор Крис Уитти ушбу касалликдан ўлим даражасини 1% атрофида деб ҳисоблайди. 

Коронавирус ҳақидаги хабарларга илова қилинган суратлар баъзида худди даҳшатли филмлардаги кадрлардан олинганга ўхшайди. Аммо ҳаммаси ҳам бу қадар қўрқинчли эмас. Масалан, ушбу суратда Жанубий Корея армияси аскарлари Сеулдаги хароба уйларни дезинфекция қилаётгани тасвирланган./GETTY IMAGES

 

Хўш, нима қилиш керак?

Шифокорларнинг кузатишларига кўра, айни пайтда янги вирус ҳаво-томчи йўли орқали – у билан касалланган бемор билан яқин алоқада бўлганда, масалан, бемор сизга икки метрдан камроқ масофада туриб аксирганда, ёки сиз томонга сўлак аралаш тупурганда ўтиши мумкин. 

Бундан ташқари, коронавирус эшик тутқичи, метродаги эскалатор тутқичи каби қаттиқ юзалар орқали ҳам одамдан одамга ўтиш эҳтимоли бор – бундай ҳолатда вирус ўзи тушган жойда икки кун ва ундан кўпроқ ҳам яшайди. 

Шунинг учун шифокорлар қўлни тез-тез ювиб туришни, қўлни ювганда ҳар сафар диққат билан, камида 20 сония давомида ишқалашни, антисептик воситалардан фойдаланиш ва қўл билан юзга тегмасликни тавсия қиляпти. Бу тавсияларнинг охиргисини бажариш деярли имконсиз: аксарият одамлар қўлини юзига беихтиёр теккизаверади. Шундай экан, қўлни тез-тез ювиб туриш яхши чора бўлади. 

Хитой ва Шарқий Европада ҳали январ ойидаёқ янги вирусдан алкогол ёрдамида тузалиш мумкинлиги ҳақида уйдирмалар пайдо бўлганди. Бу миш-мишлар асоссизлигини олимлар ўшандаёқ айтишган: алкогол аслида иммун тизимини кучсизлаштиради, ундан қўл ва турли буюмларнинг юзасини дизенфекция қилиш учунгина фойдаланиш мумкин. 

Коронавирусга чалинганимни қандай аниқлашим мумкин?

Қисқа ва лўнда айтганда бунинг фақат биргина йўли бор – лаборатория тестидан ўтиш. 

Кўпчиликда бу касаллик қуруқ йўтал ва иситма билан бошланган, фақат 5% одамлардагина бурун оқиши (тумов) кузатилган.  

Ҳозирда кўплаб давлатларнинг ҳукуматлари ва шифокорлари ўзини Covid-19 вируси билан зарарланган деб гумон қилган кишиларга бевосита шифокорнинг олдига бормай (ҳеч кимни зарарламаслик учун), уларга қўнғироқ қилиши кераклигини маслаҳат беряпти.

Коронавирусга қарши вакцинани қачон ишлаб чиқишади?

Олимлар Covid-19 вирусига қарши вакцинани имкон қадар тезроқ ишлаб чиқишга ҳаракат қиляпти. Бироқ янги дори намуналарини тузиш ва синовдан ўтказиш жараёни кўп вақт олади ва энг яхши ҳолатда вакцина тахминан бир йилдан кейин тайёр бўлиши мумкин. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра унгача ҳозирги касаллик тарқалиши аллақачон тўхтаган бўлади.      

Унда вакцина нега керак? Вакцина – профилактика воситаси саналади. Ҳозир у йўқ экан, шифокорлар янги коронавирус билан касалланганларда бунгача мавжуд бўлган вирусга қарши препаратларни қўллаб, амалда қандай натижа беришини кузатиб боряпти. Яқин ҳафталар ичида етарлича маълумот йиғиб бўлинса, шифокорлар Covid-19 вирусининг оғир шаклига чалинганларни қайси восита билан даволаш мумкинлигини билиб олишади.