Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Ҳақиқатдан кейинги давр
13.12.2016 21:11,  
206

Интернетда янгилик ўқиганингизда унинг рост ёки ёлғонлигини қаердан биласиз, азиз гапдошим? У ёки бу воқеа ҳақида маълумот кўрсангиз, унинг ҳақиқат эканини аниқлаш учун қандай мезонларни қўллайсиз?

Ҳозирги даврда бунинг деярли имкони қолмади. Ёлғон гап ва хабарлар, қисман рост ёки батамом уйдирма маълумотлар шу қадар кўпки, ҳақиқатнинг аҳамияти ҳам йўқолди.

Ана шундай хулосага келган Оксфорд луғати тузувчилари 2016 йил сўнгида машҳур луғатга «post-truth» сўзини киритишга қарор қилди. Инглиз тилидаги бу сўз «ҳақиқатдан кейин» маъносини беради.

Ушбу луғатга ҳар йили муомалада кенг қўлланган сўзлардан энг оммалашган ва мустақил сўз сифатида алоҳида мақомга эришган сўз киритилади. Бундан олдинги йилларда «эможи» ва «селфи» каби сўзлар ҳам Оксфорд луғатидан ўрин олган эди. Бироқ айтганим «селфи» ва «эможи»лар замонавий технологияларнинг ривожланиши оқибатида оммалашган бўлса, «post-truth» сиёсий ҳаёт билан боғлиқ.

Британияда Европа Иттифоқидан чиқиш масаласи референдумга қўйилишидан олдин ва референдум даврида бу масала муҳимлиги аён бўлди. АҚШдаги президентлик учун пойга пайтида эса янада долзарблашди.

Сайловдан олдин қайси хабар рост, қайсиси ёлғон эканини ажратишга кўплар қийналди. «Клинтон ёлғончи, серверни атайин уйида сақлаган» дер экан, «300 мингдан зиёд электрон хатлари қани?» дея савол берди Доналд Трампни қўллаб-қувватлаган оммавий ахборот воситалари. Муҳокамага бошқа мамлакатлар ОАВлари ҳам қўшилди.

«Клинтон аҳволи оғир, аммо ҳақиқат яширилмоқда», дея бонг урди Россия газеталари. «Клинтон кўпи билан уч ой яшайди», деди Трамп ғалабасини истаган Путин назоратидаги веб-саҳифалар.

Македониядаги бир гуруҳ ўсмирлар эса сохта хабар тарқатар экан, реклама орқали каттагина пул ишлагани маълум бўлди. Сохта хабарларни ўқиган одамлар оқибатда Трамп учун овоз бергани бу ўсмирлар учун кутилмаган воқеа бўлди, чунки маълумотларга қараганда, улар фақат пул ҳақида ўйлаган. Бироқ бу мисол сохта хабарни ҳақиқийсидан ажрата олмайдиганлар ниҳоятда кўплигини исботлаб берди.

Айрим сиёсатчилар эса фактлар ҳақида гапириш ўрнига одамлар қўрқувлари ва хавотирларини янада кучайтирадиган баёнотлар берар экан, «муаммоларингизни мен ҳал қиламан» қабилида гапирди, сайловчиларнинг ҳиссиётларга берилишига ҳисса қўшди. Бундай вазиятда ҳақиқат аҳамиятсиз бўлиб қолди. Ҳақиқатни эмас, балки одамлар нимани эшитишни истаса, шуни гапирган сиёсатчилар кўпроқ овозларга сазовор бўлди. Шунинг учун ҳам «ҳақиқатдан кейинги» давр бошланди, дея хулоса қилди Оксфорд луғати ва қатор бошқа мутахассислар.

Қолаверса, ОАВ роли ва ўрни ҳам ўзгармоқда. АҚШ сайловлари пайтида «Facebook» ижтимоий тармоғи орқали рекорд сонли сохта маълумот тарқатилди. Кўплар янгиликларни айнан «Facebook»дан олар экан, уларга чиппа-чин ишонди. Яна бир мисол: АҚШ президенти этиб сайланган Доналд Трамп матбуот анжуманлари ўтказиш ўрнига электорат билан «Twitter» орқали мулоқот қилмоқчи.

Биз, совет даврида яшаган одамлар учун бу феномен янада қизиқ. Чунки совет газеталарида ҳақиқатнинг ўзи йўқ эди. Номи «Правда», яъни ҳақиқат бўлган кундалик газетасида энг уйдирма гаплар ёзиларди – план бажарилиши каби аслида эришилмаган иқтисодий ютуқлар ҳақида, «ёвузлик империяси» деб аталган АҚШ ва бошқа капиталист мамлакатларда халқнинг «аянчли» аҳволи ҳақида, коммунизм каби жаннатдек давр ҳақидаги гапларни топардингиз «Правда» ва бошқа совет ОАВда…

Совет империяси ҳақиқатни халққа айта бера олмагани учун ҳам қулади. Сўнгги 25 йил давомида Ўзбекистон матбуотини кўздан кечирган бўлсангиз, бу ерда ҳам ҳақиқатни топиш қийин бўлганини биласиз.

Гулноза Саид

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан