Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Марказий банк Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти директори ўринбосари Акмал Назаров иштирокида брифинг ўтказилди.
Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.
Савол: Талабаман, ўқишим учун контрактнинг иккинчи қисмини тўлашим керак. Карантин туфайли банкка бориш имкони йўқ, пулим ҳам нақд кўринишда. Шундай вазиятда контракт тўловини қандай амалга ошириш мумкин?
Жавоб: Барча фуқаролар, жумладан, талабалар контракт тўловларини қуйидаги усулларда амалга ошириш имкониятига эга:
Биринчидан, яшаш манзилига яқин бўлган банк муассасаларига ташриф буюрган ҳолда чакана клиринг тизими орқали нақд ёки нақдсиз шаклда бюджет ташкилотлари (хусусан, олий таълим муассасалари) учун очилган шахсий ғазна ҳисоб-варағи ва бошқа реквизитларни тақдим этиш орқали тўловни амалга ошириш мумкин.
Иккинчидан, банкларнинг мобиль иловаларидан фойдаланиб, банк картаси орқали бюджет тўловлари сифатида тегишли суммани ўтказиш имконияти мавжуд.
Ҳозирги пандемия шароитида банклар мижозларнинг аризаларини масофадан туриб, яъни веб-сайтлари орқали қабул қилишмоқда ва зарур идентификациядан ўтказган ҳолда, банк карталарини етказиб беришмоқда.
Шундан сўнг, банк картасини cash-in функцияси мавжуд банкоматлар орқали нақд пул билан тўлдириб, кейинчалик банк картасини мобиль иловага бириктириш натижасида контракт тўловларини амалга ошириш мумкин. Cash-in функцияси мавжуд банкоматларнинг дислокацияси ҳақидаги маълумот Марказий банк расмий веб-сайтида жойлаштирилган.
Бундан ташқари, талаба уйига яқин ҳудудда жойлашган тижорат банки филиалининг “Call markazi”га мурожаат қилиши ва ушбу мурожаат асосида банк ходимлари унинг уйига келиб, барча санитария талабларига қатъий риоя этган ҳолда, контракт пулини олий ўқув юрти ҳисоб-рақамига ўтказиб бериш имконияти ҳам яратилган.