Корея банки Тошкентдаги фармакластернинг бир қисмини молиялаштиради

Корея банки Тошкентдаги фармакластернинг бир қисмини молиялаштиради

Тошкент вилоятида "Tashkent Pharma Park" кластери лойиҳаси бир қисмини Кореянинг Эксимбанки томонидан молиялаштирилиши мумкин. Бу ҳақда инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ҳамда Корея иқтисодиёт ва молия вазири Хон Нам Ки ўртасида бўлиб ўтган видеоконференцияда маълум қилинди.

Шунингдек, Корея томони фармакластерга етакчи Корея компанияларни кластерда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиш ишларини фаоллаштиради.

Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари уларнинг Кореяда муваффақиятли ишлаш тажрибасига асосланиб алоҳида кўриб чиқилди – хусусан, “Ангрен” ЭИЗ ҳудудининг бир қисмини “Инчон” ЭИЗнинг ишончли бошқарувига топшириш лойиҳаси доирасида Кореянинг транспорт вазирлиги ва “Эл Эйч Корпорейшн” корпорациясининг Кореяда инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда катта тажрибага эга бўлган мутахассисларидан иборат Корея ишчи гуруҳини Ўзбекистонга юбориш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Корея томони Ўзбекистонда Корея гранти асосида амалга оширилаётган кенг кўламли инновацион лойиҳа – Миллий электрон тижорат онлайн-платформасини яратиш бўйича лойиҳанинг 2-босқичини амалга оширишни бошлашга тайёрлигини билдирди.

Аграр секторида ўзаро савдони оширишдаги муҳим қадам Корея стандартларига мувофиқ Ўзбекистон карантин хизматни ташкил этилиши бўлиб, бунинг учун Ўзбекистонда замонавий ўсимлик карантин лабораторияси ташкил этилади.