Коронавирус: нега баъзи давлатларда ниқоб тақилади-ю, баъзиларида тақилмайди?

Коронавирус: нега баъзи давлатларда ниқоб тақилади-ю, баъзиларида тақилмайди?

Осиёнинг аксар қисмида, хусусан, Хитойда одамлар оммавий равишда ниқобда юрибди. ©️ AFP

Шу кунларда Ҳонгконг, Сеул ёки Токиода яшаётган бўлсангиз, кўчага юзниқобсиз чиқиш қанчалик ёқимсиз оқибатга олиб келишини яхши биласиз. 

Коронавирус эпидемияси бошланганидан бери баъзи давлатларда тиббий ниқоб тақиш одатга айланди, бунга амал қилмаганлар эса ижтимоий нафратга учрай бошлади.

Бироқ дунёнинг бошқа ҳудудларида, масалан, Буюк Британия ва АҚШдан тортиб Сидней ва Сингапурга қадар ҳалигача кўчада ниқобсиз юриш ҳеч қандай муаммо келтириб чиқармайди

Нима учун баъзи мамлакатларда тиббий ниқоб тақишга урғу бериляпти-ю, баъзиларида бунга эътибор паст? – Бу фақат ҳукуматлар ва соғлиқни сақлаш ходимлари кўрсатмаларига эмас, мамлакатларнинг маданияти ва тарихига ҳам боғлиқ бўлган ҳолат. Бироқ пандемия борган сари чуқурлашиб борар экан, бу вазият ўзгарадими?

Юзниқоблар борасида расмий қараш 

Коронавирус эпидемияси бошланганидан буён Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг (ЖССТ) тиббий ниқобдан фойдаланиш бўйича кўрсатмаси ўзгармаган: фақат икки тоифадаги одамлар ниқоб тақиши мажбурий – коронавирусга чалинганлар ва уларга қараётган, касалликни юқтириб олиш эҳтимоли катта бўлган тиббиёт ходимлари. 

Булардан бошқа ҳеч ким ниқоб тақишига ҳожат йўқ ва бунинг бир неча сабаблари бор. 

Биринчидан, оддий тиббий ниқоблар ишончли ҳимоя вазифасини бажармайди. Чунки жорий тадқиқотларнинг кўрсатишича, вирус ҳаво билан эмас, айнан ҳаво-томчи йўли (касалланган кишининг тупуги, сўлаги, балғами) орқали ўтади. Шунинг учун ҳам мутахассислар қўлни тез-тез совунлаб ювиб туриш кўпроқ фойда беришини таъъкидлаб келяпти. 

Юздан ниқобни ечиш алоҳида диққатни талаб этади: бу жараёнда ифлосланган қўл юзга тегиб кетмаслиги керак. Шунингдек, ниқоб тақиб юриш вирусдан ҳимояланганлик тўғрисида сохта тасаввур беради.        

Хитойнинг Ухан ва Гуанчжоу шаҳарларида ниқоб тақмаслик қамалишга олиб келиши мумкин/AFP

 

Шунга қарамай, ҳозирда Осиёнинг бир қатор ҳудудларида ниқоб тақиб юриш одатга айланди – бу билан одамлар ўзини хавфсиз ва соғлиғига эътиборли ҳис қиляпти. 

Хитойнинг материк қисмида, Ҳонгконг, Япония, Таиланд ва Тайванда ҳар қандай киши, ҳатто соғлом одамлар ҳам вирус ташувчиси бўлиши мумкин, деган фикр кенг тарқалган. Шундай экан, ижтимоий ҳамжиҳатлик юзасидан – бошқаларни ўзингиздан ҳимоя қилиш учун ҳам ниқоб тақиб юришга кўникасиз.

Бир қатор ҳукуматлар ўз фуқароларини ниқоб тақиб юришга ундаяпти, Хитойнинг баъзи қисмларида эса ниқоб тақмаганингиз учун қатъий огоҳлантирилишингиз ёки қамалишингиз мумкин.

Айни вақтда Индонезия ва Филиппинда йирик шаҳарларда яшовчи аксар инсонлар ўзларини бошқалардан ҳимоя қилиш учун ниқоб тақишни бошлади. Бу икки мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони расмий рақамлардан кўплиги гумон қилинади. 

Бу мамлакатлардан кўпчилиги учун юзниқоб тақиш эпидемиядан олдин ҳам маданий меъёрлардан саналган. Ҳатто Ҳонгконгда юзниқоблар моданинг бир қисмига айланган. 

Шарқий Осиёда кўпчилик касал бўлганида ёки ҳаво ўта чанг бўлган вақтда ниқоб тақиишга одатланган. Чунки бу ҳудудда очиқчасига аксириш ёки йўталиш жамиятда салбий қабул қилинади. Шунингдек, 2003 йили юз берган Sars вируси эпидемияси ҳам кўпчиликни, хусусан, бу вирус натижасида бир қатор инсонлар вафот этган Ҳонгконг аҳолисини “ниқоб тақиш муҳим”, деган фикрга ундаган.

Демак, бу жамиятлар билан Ғарб жамиятлари ўртасида муҳим фарқ бор: Шарқий ва Жануби-Шарқий Осиёда одамлар бунгача эпидемия оқибатларини ўз танасида ҳис қилиб кўрган ва уларнинг бу борадаги хотираси ҳалигача эскирмаган.

Жануби-Шарқий Осиёнинг аҳоли зич истиқомат қилувчи шаҳарларида кўпчилик ҳавонинг ифлосланишига қарши кўчада ниқоб тақиб юради. 

Ҳонгконгда турли хил кўринишдаги юзниқобларни тақиб юрса бўлади/AFP

 

Бироқ бу бутун Осиёга хос хусусият эмас. Масалан, Сингапурда ҳукумат аксинча йўт тутди – тиббиёт ходимларига етарлича захира бўлиши учун фуқароларни ниқоб тақмасликка ундаяпти ва аксар одамлар кўчада ниқобсиз юрибди. Бу жамиятнинг ўз ҳукуматига нисбатан ўта юқори ишончини билдиради, халқ юқоридан берилаётган кўрсатмаларга қулоқ соляпти.

Ниқоб – ижтимоий туртки

Бир қатор мутахассисларнинг таъкидлашича, барчанинг бирдек ниқоб тақиб юриши бир томондан вируснинг хатарини доимий эслатиб турувчи кўриниш бўлса, бошқа томондан одамларни яхшироқ шахсий гигиенага ундаб турувчи ахлоқий туртки бўлади.

“Ҳар куни кўчага чиқишдан олдин юзниқоб тақиш худди махсус иш кийимини кийишдек одатга айланса ва бу ниқоб тартибида нималар қилиш кераклигини ҳис қилиб турсангиз, охир-оқибатда юзга қўл билан тегмаслик ва ижтимоий масофа сақлашга риоя этиш ҳам енгил бўлади”, дейди Ҳонгконг Илм-фан ва технологиялар университетидан ахлоқий иқтисод бўйича профессор Доналд Лоу. 

Ниқоб тақиб юриш сизни шахсий гигиенага янада эътиборлироқ бўлишга ундаяптими?/AFP

 

Бундан ташқари, дунёда вирусга қарши кетаётган урушда ҳар бир кичик қадам ҳам фойда беради, деган қараш бор.

“Биз юзниқоблар самарасиз, деб айта олмаймиз. Бунда қайсидир даражада самара бор. Чунки тиббиёт ходимларига ўзларини вирусдан ҳимоялашлари учун айнан шу ниқобларни берганмиз.

Агар юзниқоблар одамлар кўп тўпланадиган жойларда фойдаланилса, бу одамларнинг ўзаро алоқаларига таъсир қилади (нисбатан чеклайди), деб ўйлайман. Айни пайтда одамларнинг ўзаро алоқасини чеклайдиган ҳар қандай кичик чора вирус тарқалишини секинлаштиради”, дейди Ҳонгконг Университетидан эпидемиолог Бенжамин Коулинг. 

Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Бир қатор ҳудудларда, масалан, Япония, Индонезия ва Таиландда ниқоб тақчиллиги юзага келган. Жанубий Кореяда эса ниқобларни тақсимлаб тарқатишга тўғри келяпти. 

Ниқоблар етишмовчилиги улардан фойдаланиб бўлгандан кейин қайтадан ишлатиш хавфини вужудга келтиряпти. Бу эса гигиенага зидлиги маълум. Бунда муқаддам ишлатилган ёки уйда тайёрланган ва талабга жавоб бермайдиган ниқобларни қора бозордан сотиб олиб ишлатилиши мумкин. 

Шунингдек, бу мамлакатларда ниқоб тақмай юрганлар жамият томонидан босимга учраяпти: уларни дўконлар ва бинолар олдидан қувиб солишяпти. 

Ҳонгконгда баъзи газеталар муқоваларида ниқоб тақмай юрган ғарблик сайёҳлар ёки шаҳарда доимий яшовчи хорижликларнинг суратлари чоп қилиниб, уларнинг тунда гуруҳ-гуруҳ бўлиб юриши, вирусга қарши етарлича хавфсизлик чораларини қўлламаслиги танқид этиляпти. 

Таиланд Бош вазири Прают Чан-Оча устидаги кийимининг рангига мос ниқобда омма олдида кўриниш берди/REUTERS

 

Бироқ камситиш (дискриминация) ҳар икки томонда ҳам юз беряпти.

Юзниқоб тақишга одатланилмаган Ғарб мамлакатларида, ниқоб таққанлар нафратга, баъзи ҳолатларда эса ҳужумга ҳам учраяпти. Бунда ниқоб таққанларнинг аксарияти осиёлик бўлгани ҳам ёрдам бермаяпти. 

Бироқ ҳар бир киши ниқоб тақиши кераклигига урғу берадиган жамиятларнинг йўли вирусга қарши курашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Шунинг учун мутахассислар ЖССТдан бу борада расмий тавсия кутяпти.

Ҳужжатлаштирилмаган ҳолатлар

Аввало, бу вируснинг “тинч ташувчилари” анча кўп бўлиши мумкин. Бунда соғлом одам ёки касаллик аломатлари мутлақо сезилмайдиган бемор унинг ташувчисига айланади. Мутахассислар бу ҳақда бошиданоқ огоҳлантириб келяпти. 

South China Morning Post газетаси Хитой ҳукуматига таяниб тарқатган маълумотларга кўра, Хитойда аниқланган касаллик ҳолатларининг учдан бир қисмида унинг аломатлари кўринмаган. 

Япониянинг Йокоҳама шаҳри портида карантинда турган Diamond Princess сайёҳлик кемасида аниқланган 600 тадан ортиқ касаллик ҳолатларининг ярмида унинг аломатлари сезилмаган. 

Исландияда ҳам деярли шундай ҳолат кузатилган: бу орол аҳолиси дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан энг кўп коронавирусга қарши текширувдан ўтказилган.

Шу пайтгача касаллик аломатлари кўринмаган беморлар унчалик ҳам хавфли эмас, деган қараш бор эди. Бироқ энди бу фикр савол остига олиняпти. Агар ҳамма ниқоб тақса, мана шу “тинч ташувчилар” уни тарқатувчига айланмас, балки?

Хитойда яқинда нгашр этилган тадқиқотда “инфекциянинг ҳужжатлаштирилмаган ҳолатлари” ёки бошқача айтганда касаллик белгилари ўта заиф ёхуд сезилмайдиган беморлар яхшигина зарарли эканлиги ва вирусга чалинганларнинг 80%ига айнан улар сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида айтилган.

Бу фақат биргина тадқиқот, холос. Келгусидаги тадқиқотлар эса умумий манзарага янада аниқлик киритиши шубҳасиз.

Юзниқоблардан фойдаланиш яқин тарихдан чиқарилган хулоса, инфекцияга қарши тажриба ва маданий меъёр бўлиши (коронавирусга нисбатан катта самара бермаслиги) мумкин. Аммо SARS-CoV-2 пандемиясининг ҳозирги тарқалиш суръатида бу ҳақдаги маълумотлар ва тадқиқотлар билан биргаликда бизнинг одатларимиз, халқ-атворимиз ҳам ўзгариши керак.