Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда муҳим саволлар юзасидан жавоб қайтарилди:
Савол: ЎРВИ аломатлари бўлган беморларни тест таҳлили тайёр бўлгунча қандай даволаш керак?
Жавоб: Муолажани шифокор даволаш стандартларига мувофиқ аломатлардан келиб чиқиб тайинлайди. Ўзини-ўзи даволаш тавсия этилмайди.
Савол: Ижтимоий тармоқларда «Экспресс тестларни улгуржи сотяпмиз, нархи 187 минг сўм, сифати кафолатланган, Германияда ишлаб чиқарилган» каби эълонлар тарқалмоқда. Бу каби ҳолатларга нима дейсиз?
Жавоб: Бу каби тестларни тегишли тайёргарликдан ўтган мутахассислар қўйиши ва айнан уларнинг ўзи натижаларини ўқиши керак. Лаборатория натижасини нотўғри талқин (интерпретация) қилиш сизни жиддий муаммоларга етаклаши мумкин.
Мен ҳам ушбу маълумотни телефонда кўрдим ва аудиоёзувни эшитдим. Айнан ўша тестларни тарғиб қилаётган шахснинг, тиббиёт ибораларини (термин) тўғри талаффуз қила олмаётганлигининг ўзи, бу каби тарғиботчининг орқасидан эргашмаслик кераклиги кўрсатиб турибди.
Улар кимларнингдир тестини «ширпотреб» дейишяптию, тиббиётга умуман алоқаси бўлмаган соҳа вакили сифатида, ўзлари тарғиб қилаётган ишларининг «ширпотреб», яъни ясама, ёлғон, қўлбола эканлиги кўрсатиб қўймоқда.