Коронавирусга чалинганлар сони 10 мингдан ошиб кетди — Ўзбекистон

Коронавирусга чалинганлар сони 10 мингдан ошиб кетди — Ўзбекистон

2020 йил 5 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 10020 нафарни ташкил этмоқда.

Коронавирус билан боғлиқ статистика ҳар доимгидек кунига 3 марта: соат 10:00 да, 17:00 да ҳамда 23:30 бериб борилмоқда.

Кун давомида мамлакатимизда 312 ҳолатда касаллик қайд этилган. Шундан 190 нафари Карантин муассасаларида, 121 нафари аҳоли орасида (шундан 84 нафари Тошкент шаҳрида, 21 нафари Тошкент вилоятида, 16 нафари Самарқанд вилоятида), 1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларида орасида аниқланган.

5 июль Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида 159 нафар фуқаро соғайди.  

Юртимизда жами 6584 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар (65 фоиз) соғайган.

Кун давомида коронавирусга чалинган 3 нафар беморнинг вафот этгани маълум қилинди. Бу кунлик янги антирекорд саналади. Умуман, июль ойининг дастлабки 5 кунида 7 марта ўлим ҳолати қайд этилди.

Биринчи ўлим. Шайхонтоҳур туманида яшовчи 71 ёшли онахон М.Г. 30-июн куни коронавирус аниқланганлиги сабабли Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасининг реаниматсия бўлимига ётқизилган. Унга юрак ишемик касаллиги, гипертония, стенокардия, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги, икки томонлама пневмония оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган.

Бемор бундан аввал, сўнгги 10 йил давомида юрак ишемик касаллиги, гипертония, стенокардия, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб юрган. Сўнгги бир ой ичида эса режали гемодиализ муолажаларини олишни бошлаган.

Шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган. 

Иккинчи ўлим. Тошкентда яшовчи 45 ёшли З. исмли эркакда бир неча кун давомида коронавирус инфекцияси аломатлари сезилиб, тана ҳароратининг кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик кузатилган. Бемор касаллик аломатларига қарамай шифокорга ўз вақтида мурожаат қилмаган, уй шароитида даволанишда давом этган.

Оқибатда 2020 йилнинг 30 июнь куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонасига ўта оғир ҳолатда, ўткир нафас етишмовчилиги билан олиб келиниб, жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Беморга юрак ишемик касаллиги, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги, икки томонлама пневмония дастлабки ташхиси қўйилган.

Бироқ шифокорларнинг реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак-қон томир ва ўпка етишмовчилигидан вафот этган. 

Учинчи ўлим. Юнусобод туманида яшовчи, 49 ёшли Н.У. исмли аёл бир неча кун давомида тана ҳароратининг кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик бўлишига қарамасдан шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилмаган.

3 июль куни бемор хусусий клиникада коронавирусга таҳлил топширган. Шу куни аҳволи оғирлашганлиги сабабли 7-сон шаҳар клиник шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилиб, сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.

Унга икки томонлама пневмония, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, кома И ташхиси қўйилган. Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи малакали шифокорлар томонидан доимий назоратга олинган.

Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этди. 49 ёшли аёл коронавирусдан вафот этган Тошкентдаги 20, Ўзбекистондаги 34 бемор бўлди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3402 нафар бемордан 25 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда. 

Ҳозирда мамлакатимизда уй карантинида 42 895 нафар, стационар карантинда эса 25 021 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.