Microsoft Россия ва КХДР хакерларини коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаётган компанияларга ҳужум қилишда айблади

Microsoft Россия ва КХДР хакерларини коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаётган компанияларга ҳужум қилишда айблади

Microsoft охирги ойларда Россия ва КХДРдаги давлат билан алоқадор гуруҳларнинг фармацевтика ҳамда коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқаётган компанияларга хакерлик ҳужумларини амалга оширганини қайд этди. Бу ҳақда корпорация вице-президенти Том Берт маълум қилди.

У ҳужумларда Россиядаги Strontium ҳамда КХДРдаги Zinc ва Cerium гуруҳларини айблади. Strontium шунингдек, Fancy Bear номи билан ҳам танилган бўлиб, у 2016 йилда АҚШ демократик партияси раҳбариятининг серверларини бузишда айбланган.

 Бертнинг сўзларига кўра, хакерлар нишони Канада, Франция, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва АҚШдаги еттита йирик компания бўлган. Уларнинг аксарияти коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовларини ўтказмоқда, яна бири тадқиқот компанияси бўлиб, бир компания эса коронавирусни аниқлайдиган тест ишлаб чиққан. 

 Ушбу ҳужумлар Microsoft ишлаб чиққан ҳимоя тизими томонидан қайтарилди, деб ёзди Берт. Корпорация хакерлар нишонига айланган барча компанияларни ҳужумлар ҳақида хабардор қилган.

Сентябрь ойида Microsoft Россия, Хитой ва Эрон хакерлари АҚШдаги бўлажак сайловлар билан боғлиқ тизимларга ҳужум қилишга уринганини маълум қилганди.