Москвада тиббий қўлқоп тақмаганлик учун ҳам жарима қўлланади

Москвада тиббий қўлқоп тақмаганлик учун ҳам жарима қўлланади

12 майдан бошлаб Москвада карантин чоралари кучайтирилди: жамоат жойларида, дўконларда ва жамоат транспортида ниқоб ва қўлқоп тақиб юриш керак. Қоидабузарлар жаримага тортилади.

"Агар одам ниқоб таққан бўлса, лекин қўлқопсиз бўлса ёки аксинча, жарима бир хил бўлади", - деди Москва ҳокимятининг асосий назорат бўлими раҳбари Евгений Данчиков.

Данчиковнинг сўзларига кўра, ушбу чора "санитария талаблари ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш" билан боғлиқ.

Ҳозирда жарима миқдори жамоат жойлари ва таксилар учун 5000 рублни (688,6 минг сўм), дўкон ва офисларда эса 4000 рублни (550,9 минг сўм) ташкил этмоқда.

Рус пойтахтида карантин қоидалари 31 майгача давом этади.

Ҳозирда Москва шаҳрида 98,5 мингта коронавирус ҳолати тасдиқланган. 956 нафар бемор ҳаётдан кўз юмган.