Наманганда депутат ИИВ ходимининг погони ва кўкрак нишонини юлиб олди (видео)

Наманганда депутат ИИВ ходимининг погони ва кўкрак нишонини юлиб олди (видео)

Наманганда шаҳар кенгаши депутати ҳамда ички ишлар ходимлари ўртасида низоли вазият содир бўлган. ИИВ ахборот хизматининг хабарига кўра депутат аввалига юридик шахсларга бериладиган давлат рақамига эга Malibuʼсининг мажбурий суғурта муддати ўтиб кетгани сабаб ички ишлар ходимлари билан тортишган ва машинани жарима майдонига олиб кетилиши қонунга ва депутатлик дахлсизлигига зид эканини таъкидлаган.

Кейинчалик 2020 йил 15 апрель куни соат 21:45 ларда Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Т.М. ўзига тегишли бўлган Matiz русумли автомашинасида шериги билан бирга Янгиқўрғондан келаётиб, “Қизилкўприк” постидан Наманган шаҳрига кирмоқчи бўлганида ИИБ ходими томонидан тўхтатилган. Ҳужжатлар кўздан кечирилганда автомашина мажбурий суғурта қилинган сана кўрсатилган муддатидан ўтиб кетгани аниқланган.

Автомобиль жарима майдонига олиб кетилиши тушунтирилганда эса ҳайдовчи яна аввалгидаги каби депутатлик дахлсизлигини рўкач қилган. 2004 йилда қабул қилинган “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунида депутат ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва бошқа қонунларга мувофиқ амалга ошириши белгилаб қўйилган. Мазкур қонунда депутат ваколатлари ҳам кўрсатиб ўтилган, бироқ транспорт воситасини ҳужжатсиз бошқариш ҳуқуқи мазкур ваколатлар қаторига киритилмаган, дейилади ИИВ ахборот хизматининг хабарида.

Депутат вилоят ИИБ катта инспектори, майор Илҳомжон Абдураҳмоновнинг қонуний талабларини бажармасдан автомашинадан тушиб, унинг қўлига ургани натижасида профилактика инспекторининг телефони ерга тушиб, шикастланишига сабабчи бўлган. Вилоят ИИБ ЙҲХБ инспектори, сафдор Ҳусанбой Зиёвиддинов ҳуқуқбузарни тинчлантирмоқчи бўлганида у ходимнинг погони ва хизмат кўкрак нишонини юлиб олиб, улоқтириб юборган.

Ушбу ҳолат бўйича 2020 йил 16 апрель куни Наманган шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиб уларни қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш айблови билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.