Нега Трамп Лондондаги терактдан жабрланган мусулмонларга ҳамдардлик билдирмади?

Нега Трамп Лондондаги терактдан жабрланган мусулмонларга ҳамдардлик билдирмади?

Дунёда қандайдир қўрқинчли воқеа содир бўлса, ўзимиз ҳурмат қилган инсонларга уларнинг доно маслаҳатларини тинглаш учун юзланамиз. Бизга ўз даражаларида таҳлил беришлари учун. Нотўғри фикрлар булутини тарқатиш ва аниқлик киритиш учун. Бу инсонлар бизнинг маънавий, ахлоқий ва ақлий компасларимиз сифатида ҳаракат қилишади.

Ҳаётимизда тўғри йўналиш кўрсатиб турадиган кишилар билан бирга, уларнинг акси ҳам мавжуд: улар тўхтовсиз нотўғри йўналишни кўрсатиб туришади. Уларнинг кимлигини аниқлаш, уларнинг ношудлиги ва мутаассиблиги нима учунлигини таниб олиш ва уларга зид ҳаракат қилиш учун, албатта, ақлни ишлатиш кифоя қилади

Доналд Трамп Лондондаги Финсбури Парк масжиди олдида содир этилиб, бир кишининг ўлими ва бир қанча одамлар жароҳатланишига сабаб бўлган террорчилик ҳужумидан кейин муносабат билдирмади. Мазкур ҳужумдан сўнг унинг сукут сақлаши Европадаги бошқа бир қатор ҳужумлардан кейин дарҳол, ғазаб билан билдирган муносабатларидан мутлақо ўзгача ҳодиса эди.

Трамп учун ҳаммаси равшан: бу сафар ижрочи ҳам қурбонлар ҳам у истаган кишлар эмас.

Бир неча ўн йиллар олдин Эдвард Ҳерман ва Ноам Хомскийлар муайян мафкуравий ёхуд сиёсий мақсадга фойда ёки манфаат келтирмайдиган қурбонларни фарқлаш учун «муносиб ва номуносиб қурбонлар» тушунчасини кашф қилишган эди.

Финсбури Паркдаги ҳужумда христиан террорчи ҳужумидан жабр кўрган мусулмонлар эътиборга «лойиқ» эмас. Чунки улар АҚШ президентининг тасаввурича, бир-биридан фарқ қилмайдиган кишилардан иборат оломон ҳисобланмиш мусулмонлар, қочқинлар ва муҳожирларни демонизация қилишдек (шайтон қиёфасида тасвирлаш) йирик лойиҳасига хизмат қилмайди. Ёхуд оқ танли насронийлар Европасини (ва оқ танли насронийлар Америкасини ҳам) тарбияли ва хуш ахлоқ маскани сифатида кўрсатишдек манфаатларига ҳам мос тушмайди.

Трампнинг Лондондаги террорчилик ҳаракатини қоралаган тезкор твити ёки оммага эълон қилинажак баёноти бир муҳим мақсадга хизмат қилиши мумкин эди: у АҚШдаги (ва ундан ташқаридаги) кўпчиликни битта фактга – сиёсий ёки мафкуравий мақсадни амалга оширишда зўравонликдан сурункали фойдаланиш фақатгина мусулмонлар билан чегараланиб қолмаслигига эътибор қаратишга мажбур қиларди. У, шунингдек, кўпчиликни «бошқалар»га қўлини бигиз қилиб кўрсатиб, «зўравонликка асосланган маданиятлар» ҳақида гапиришда айнан нима деётганимизга эътибор беришга мажбурлаши мумкин эди.

Ишонмасангиз, 2003 йилда АҚШнинг босқини оқибатида ҳалок бўлган юз минглаб бегуноҳ ироқликларнинг оила аъзоларидан сўраб кўрингчи: Американинг зўравонлиги сурункали ёки сиёсий табиатга эгамикин? Ёхуд уларнинг мушкул аҳволига АҚШнинг беэътиборлиги унинг шафқатсизлик билан ош-қатиқлигидан нишонамикин?

АҚШ томонидан дастакланган ўлим гуруҳлари қўлида азоб чеккан Никарагуа, Колумбия ва салвадорлик одамлардан сўранг. Ирландия сепаратистлари ҳужумлари чўққисига чиққан 1970-80 йилларда Буюк Британияда яшаган ҳар қандай одамдан сўранг. Сербиядаги зўрлаш лагерларида маҳбус этилган муслималардан сўранг. Европанинг шафқатсиз мустамлакачилиги остида яшаганлардан сўранг. Холокостдан омон қолганлардан сўранг. Оқ танли эмас, оппоқ танли, топ-тоза насроний ва уюшган Ку клукс кланчилардан зулм кўрган америкалик қора танлилардан сўранг.

Бошқаларни қўя турайлик. Бировни танқид қилаётганда бошқаларнинг жиноятларини эслаш билан билан йўналишдан чалғимайлик. Ўзимизга боқайлик: бир хил жиноятларга иккиёқлама стандартлар билан турлича муносабат кўрсатишимиз бу жиноятларнинг ҳеч бирини оқлай олмайди.

Гап иккиюзламачилик ҳақида… Гап иштони йўқнинг тиззаси йиртиқнинг устидан кулиши ҳақида. Бу – ақлий баркамолликни рағбатлантириш машқи ҳамдир. Бу Европа ва АҚШда кўпчилик мунтазам равишда дунёнинг қолган қисмига намуна қилиб кўрсатиладиган фозил жамиятнинг тахминий аломатидир.

Шунинг учун Трампнинг Твиттердаги ёзувларини қоралашдан кўра, уни ахлоқий, ақлий ва сиёсий барометр сифатида қабул қилайлик. Унинг Твиттердаги бақир-чақирлари ва сукут сақлашини ўзимизнинг ва унинг муносабати ўртасидаги фарқни кўрсатувчи омил сифатида кутиб олайлик.

Кристиан Критенсен, Стокголм университети журналистика профессори

Theguardian.com сайтидан олинди