Nokia 70 доллардан ўз смартфонларини тақдим этмоқда (фото+тавсиф)

Nokia 70 доллардан ўз смартфонларини тақдим этмоқда (фото+тавсиф)

HMD Global компанияси арзон смартфонлар ассортиментини Android 10 тизимли Nokia C5 Endi ҳамда Nokia С2 моделлари билан тўлдирди. Қизиғи – буларнинг иккинчиси иккита модификацияда тақдим этилган бўлиб, нархлари ўзаро жиддий фарқланади.

Nokia C5 Endi корпуси поликарбонатдан ишланган бўлиб, компаниянинг таъкидлашича, минимал вазн билан яхши ҳимояни таъминлаб беради. MediaTek Helio P22 процессорли смартфон 3/64 гигабайтлик хотирага ва microSD-карта уячасига эга.

Nokia C5 Endi

Мазкур гаджетнинг экрани 6,5 дюймлик бўлиб, аниқлиги 1600х720 пикселлик. Дисплейнинг томчисимон кемтигида 8 мегапикселлик селфи-камера ўрнатилган. Nokia C5 Endi бош камераси учталик: 13 + 5 + 2 мегапикселлик датчиклар ва фоточақноқдан иборат. Доирасимон камера блоги остида бармоқ изи сканери жойлашган.

Nokia C5 Endi

Бу моделнинг аккумулятор 4000 мА/соатлик бўлиб, 10 ваттликкача тезкор қувватлана олади. HMD Global уни АҚШ бозорига 5 июндан чиқаряпти, нархи 169,99 доллар.

Компаниянинг Nokia C2 модели эса икки хил – Tava ҳамда Tennen номли икки хил модификацияда намойиш қилинди. Уларнинг ўзаро фарқи фақат корпус ранги ва нархида, бошқа барча хусусиятлари мутлақо бир хил.

Ҳар иккала версиядаги Nokia C2 диагоналига 5,45 дюймлик, HD+ форматли дисплей билан чиқарилган. HMD Global уларни MediaTek Helio A22 чипсети ҳамда 2/32 ГБлик хотира билан таъминлаган, яна microSD-карта ҳам қўйса бўлади. Бош камера қўшалоқ – тиккасига жойланган 8 + 2 мегапикселлик сенсорларни ва чақноқни ўз ичига олади.

Nokia C2 Tava

Nokia C2 селфи-камераси 5 мегапикселлик бўлиб, ундаям фоточақноқ қўлланган. Олд камера эгасини юзидан таниб смартфонни блокдан чиқариш функциясига эга, қурилмада бармоқ изи сканери кўзда тутилмаган. Аккумуляторининг ток сиғими эса 3000 мА/соатлик.

Nokia C2 Tennen

Энг қизиғи – фақат номи ва корпуси ранги билангина ўзаро фарқланувчи Nokia C2 Tava ҳамда Nokia C2 Tennen нархларида катта фарқ мавжудлигидир! Булардан биринчиси 109,99 долларга баҳоланган бўлиб, бугундан бошлаб Cricket Wireless дўконлари ва унинг расмий сайти орқали сотилмоқда. Nokia C2 Tennen учун эса бор-йўғи 69,99 долларлик нарх белгиланган, лекин уни фақат Хитойдаги дўконларда, 15 июндан сота бошлашади.