Ўзбекистонда сув танқислиги сабабли шоли экиладиган майдонлар камайтирилади

Ўзбекистонда сув танқислиги сабабли шоли экиладиган майдонлар камайтирилади

Ўзбекистонда сув танқислиги сабабли шоли экиладиган майдонлар 162 мингдан 94 минг гектаргача қисқартирилади. Бу ҳақда куни кеча Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишда маълум бўлди.

Йиғилишда бу йил Ўзбекистонда ёғингарчилик нисбатан кам бўлгани, бунинг оқибатида аксарият ҳудудларда сув танқислиги юзага келгани, бундай ҳолат  сувдан оқилона фойдаланишни тақозо этиши алоҳида таъкидланди. 

“Шу мақсадда шоли экиладиган майдонларни 162 минг гектардан 94 минг гектарга қисқартириш, сув таъминотида муаммо бўлмаган Сирдарё вилоятида 7,5 минг гектар ерни Хоразм вилояти фермерларига, Жиззах вилоятида 5,5 минг гектар ерни Қорақалпоғистон фермерларига такрорий экин сифатида шоли экиш учун бериш зарурлиги қайд этилди”, — дейилган президент матбуот хизмати хабарида. 

Сув танқислиги кутилаётган Қашқадарё вилоятида такрорий экин майдонлари 30 минг гектарга, Самарқанд вилоятида 42 минг гектарга, Бухоро вилоятида 20 минг гектарга, Навоий вилоятида 14 минг гектарга ва Қорақалпоғистонда 10 минг гектарга камайтирилиши маълум қилинди.

Ушбу ҳудудларда сувни кам талаб этадиган мош, ловия ва бошқа озуқабоп экинлар экиш, уларни сув манбаларига яқин ер майдонларига жойлаштириш кераклигига эътибор қаратилди. Ана шу ишларни ўз вақтида, самарали ташкил этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда май ойида гуруч нархи кеский кўтарилди.  Марказий банк маълумотларига кўра, гуруч нархи 16,7 фоизга ортди. Нархлар кўтарилишининг асосий сабаблари: сув танқислиги, ўтган йилга нисбатан суғориш сувининг етишмаслиги ва экин майдонлар камайиши таъкидлаб ўтилди.

2