Ўзбекистон саёҳат учун хавфсиз жойлар юзталигига киритилмади

Ўзбекистон саёҳат учун хавфсиз жойлар юзталигига киритилмади

Мир Араб мадрасаси. Бухоро

Бутунжаҳон саёҳат ва туризм кенгаши (WTTC) охирги уч ойда "саёҳат қилиш учун хавфсиз" статусини олган сайёрадаги 100 та жой номларини маълум қилди. Бу ҳақда Travel Daily Media хабар бермоқда.

МДҲ мамлакатларидан рўйхатга Қозоғистон, Россия ва Украина киритилди. 

Хавфсиз саёҳат йўналишлари рўйхатига машҳур курорт жойлар - Туркия, БАА, Малдив ороллари, Бермуд ва бошқалар киритилган. Филиппин эса расман юзинчи хавфсиз манзил бўлди. 

"Инновацион ташаббусимиз бундай муваффақиятга эришганидан ва дунёнинг ҳар бир бурчагида қўлланилаётганидан жуда хурсандмиз. 100 та хавфсиз йўналишдаги сайёҳлик ташкилотлари бутун дунё бўйлаб истеъмолчилар ишончини тиклашга ёрдам бериш учун биргаликда ишлашга тайёрлар. Биз Филиппинни мамнуният билан қабул қиламиз. Бу дунёдаги энг машҳур ороллардан бири. Шунингдек, дунёнинг бошқа машҳур ёъналишлари, жумладан Туркия, Миср, Индонезия ва Кения ҳам киритилган", - деди WTTC президенти ва бош директори Глория Гевара. 

Эслатиб ўтамиз, WTTC саёҳат ва туризм соҳасида хусусий секторни намойиш этади. 2020 йил бошида ташкилот дунёдаги биринчи гигиена ва хавфсизлиги бўйича глобал хавфсиз муҳри - "Safe Travels" ни чиқарди. У коронавирус пандемияси таъсирида бўлган глобал саёҳат секторини тиклашга ёрдам бериш учун ишлаб чиқилган. Махсус ишлаб чиқарилган бренд саёҳатчиларга дунё миқёсида стандартлаштирилган соғлиқни сақлаш ва гигиена протоколларини қабул қилган йўналишларини таниб олиш имкониятини беради. Ушбу йўналиш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) ва дунёдаги кўплаб йирик сайёҳлик гуруҳлари томонидан қўллаб-қувватланди.

Аввалроқ, 27 май куни президент Шавкат Мирзиёев туристлар учун ишлаб чиқилган санитария-эпидемиологик хавфсизлик тизими “Uzbekistan. Safe travel guaranteed” (“Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган”) бренди билан танишган эди. Бироқ янги тизим негадир халқаро доираларда муносиб қарши олинмади. 

Тақдимотда коронавирус касаллиги жиловланган давлатлар рўйхатини шакллантириб, улар билан туризм алоқаларини босқичма-босқич тиклаш кераклиги ҳам таъкидланган эди.