"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ электрон чипталар учун комиссия тўловларини камайтирди

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ электрон чипталар тизимини такомиллаштирди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Ўтган ёзда компания поездлар учун электрон чипталарни жорий қилган эди.

Бироқ, бу халқаро рейсларга тааллуқли эмас эди — бу рейсларга фақатгина кассадан чипта олиш мумкин эди.

Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб, халқаро йўналишларда қатнайдиган барча Ўзбекистон йўловчи поездларига ҳам электрон рўйхатдан ўтиш жараёни жорий этилади. Бошқа сўз билан айтганда, энди халқаро йўналишдаги поездларга ҳам темир йўл кассасига бормасдан принтерда чоп этилган электрон чипта билан тўғридан-тўғри поездга чиқиш мумкин.

Бундан ташқари, 1 мартдан бошлаб электрон ҳужжатларни расмийлаштиришда комиссия тўловлари миқдори камайтирилади:

  • “Афросиёб” юқори тезликдаги поездлари ва барча бошқа маҳаллий йўналишлардаги поездларга – 16 000 сўм;
  • Барча давлатлараро (“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ва бошқа МДҲ давлатларининг таркибий) поездларига – 56 000 сўм;
  • 001/002-сонли давлатлараро Tulpar-Talgo поездга (Олмаота – Тошкент – Олмаота) – 38 000 сўмни ташкил этади.