Ўзбекистон туризм бозорига "Virus-free" сертификати кириб келмоқда

Ўзбекистон туризм бозорига

Туркия дунёда биринчилардан бўлиб сайёҳлик объектларини юқумли касалликлардан, шу жумладан коронавируснинг янги тури бўлмиш СOVID-19 дан сертификатлаш тизимини ишлаб чиқди. Бунинг учун тегишли вирусга қарши гигиена талаблари ишлаб чиқилди. «Virus Free System» сертификатлаш тизимини шу йилнинг май ойидан жорий этиш бошланади.

Янги тизимга кўра, транспорт воситалари, меҳмонхоналар, аэропортлар, ресторанлар, агентликлар, музейлар ва тарихий жойларда тозалаш ишларини олиб боришга алоҳида эътибор берилади. Бундан ташқари, туризм саноатининг барча ходимлари иммунитет тўғрисидаги гувоҳнома олишлари талаб этилади. Туроператорлар, шунингдек, тиббий инфратузилма инвентаризацияси, интенсив терапия ва оддий сунъий шамоллатиш аппаратларини ишлатиш бўйича кўникмаларни эгаллашлари лозим.

Дунё агентлигининг хабар беришича, Ўзбекистон Туркия билан ҳамкорликда тизимни муваффақиятли синаб кўриш бўйича янги стратегия устида ишламоқда.

Биринчи босқичда янги амалиёт ички туризм бозорида синовдан ўтказилади. Иккинчи босқичда томонлар ушбу сертификат турини халқаро стандартга айлантиришга ҳаракат қиладилар.