Ўзбекистонда 13-14 ёшли қизлар орасида эрта туғруқ ҳолатлари кўпаяётгани айтилди

Ўзбекистонда 13-14 ёшли қизлар орасида эрта туғруқ ҳолатлари кўпаяётгани айтилди

13 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг видеоконференция тизими орқали мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабар берди.

Парламент юқори палатаси Раиси Танзила Норбоева олиб борган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартишлар киритиш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан судлар фаолиятига оид ахборотни эшитиш амалиётининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари, эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажралишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Мажлисда Сенат Кенгаши томонидан Р.А.Маҳмудовани Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайлаш ва уни Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси лавозимидан озод этиш, қолаверса, Б.А.Тангабоев ва И.М.Алимовни Олий суд судьялигига сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, мажлисда эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажралишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала ҳам муҳокама марказида бўлди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Олиб борилаётган профилактик тадбирлар натижасида қизларни эрта турмушга бериш билан боғлиқ вазият сўнгги икки йилда ижобий томонга ўзгарган.

Сўнгги йилларда 18 ёшга тўлмаган қизлар орасида эрта туғруқ ҳолатлари ҳам камайиб, 2018 йилда бундай салбий ҳолатлар 1,5 мингдан зиёд бўлган, 2019 йилда эса бу кўрсаткич 1,2 мингтани ташкил этган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 231 та эрта туғруқ ҳолатлари қайд этилган.

Олиб борилаётган ишларга қарамай, бу борада қатор муаммолар мавжудлигига урғу берилди. Таҳлилларга кўра, ушбу муаммога, аввало, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва тиббий маданиятининг етарли эмаслиги сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, вояга етмаган қизлар, айниқса 13-14 ёшли қизлар орасида эрта туғруқ ҳолатларининг кўпайиб бораётгани ташвишли ҳолдир.

Эрта ҳомиладорлик ва туғруқ ҳолатлари кузатилган ўқувчи қизларнинг қарийб ярми ота ёки онасиз оилаларда яшаётганлиги аниқланган. Шунингдек, оиладаги етишмовчилик, ота-оналарнинг ишсизлиги ёки кам даромад топиши ҳам қизлар тарбиясига салбий таъсир қилмоқда.

Яна бир жиҳат. Эрта ва исталмаган туғруқ ҳолатлари, ёшларнинг оилавий муносабатларга тайёр эмаслиги, оиладаги ижтимоий-маънавий беқарорлик каби сабаблар чақалоқлар савдоси жиноятини ҳам келтириб чиқармоқда.

Бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида Сенат Кенгаши қарори билан эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажралишлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича 2020–2021 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.