Ўзбекистонда айрим давлат хизматлари хусусий секторга ўтказилади

Ўзбекистонда айрим давлат хизматлари хусусий секторга ўтказилади

Фото: president.uz

Аввал хабар қилганимиздек, президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 май куни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда маълум қилинишича, йил бошида хусусий нотариусликка рухсат берилгани натижасида 617 та давлат нотариуси хусусий бўлди ва бюджетдан берилаётган 200 миллиард сўм иқтисод қилинди.

Худди шунингдек, ҳозирги кунда давлат идоралари кўрсатаётган кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, ер ажратишда топосуратга олиш каби хизматларни хусусий секторга ўтказилса, минглаб янги иш ўринлари яратилади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигига аниқ ҳисоб-китоб асосида, хусусий секторга ўтказиш мумкин бўлган давлат хизматлари рўйхатини шакллантириш юзасидан топшириқлар берилди.

Йиғилишда тадбиркорлар билан ишлашда сусткашликка йўл қўйган айрим туман ва шаҳар ҳокимларини вазифасидан озод қилиш бўйича кўрсатма берилди.