Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш учун нима қилиш керак?

Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш учун нима қилиш керак?

Ўзбекистондаги камбағаллик — охирги чорак асрда жуда секин иқтисодий ўсишнинг натижаси. Яъни камбағал аҳоли борлигини бирдан бир сабаби — суст иқтисодий ўсишдир.

Бу дегани камбағалликка қарши курашиш ҳам, айнан иқтисодий ўсишга қаратилиши керак. Биздаги камбағаллик бу аномал натижа эмас. Йилига киши бошига даромади 2 минг доллардан кам бўлган мамлакатда камбағаллик юқори даражада бўлмаслиги ҳатто назарияда ҳам мумкин эмас. Шунинг учун ҳам умумий иқтисодиёт ҳажмига таъсир қиладиган нарсалар ҳақида қайғуришимиз керак.

Бу дегани, биз камбағалликни қисқартиришимиз учун алоҳида дастурлар ўйлаб чиқишимиз шарт эмас, асосий урғуни иқтисодий ўсишга қаратсак бас. Лекин худди шу ғоя барча мамлакатларга тааллуқли эмас, масалан АҚШда камбағалликка қарши курашиш учун қилиниши керак бўлган чоралар умуман бошқача.

Мен одатда эркин савдо, адолатли хусусийлаштириш, антимонопол қонунлар, мулк даҳлизлигини таъминланиши, адолатли ва профессионал суд тизимини тузиш, давлат молияси шаффофлигини таъминлаш, парламентга фискал (солиқ ва бюджет) қарорларни қабул қилишига ваколат бериш, давлатнинг иқтисодиётга регулятор аралашувини камайтириш, давлатнинг иқтисодиётдаги ҳаддан ташқари катта ўрнини камайтириш, Марказий Банкни қоғозда эмас амалда мустақиллигини таъминлаш, банк-молия тизимини ислоҳ қилиш ва банк соҳасидан давлат ўрнини кескин камайтириш, маъмурий ислоҳотлар қилиниши, субсидия ва имтиёзлардан воз кечиш, статистика ва ахборотлар эркинлигини таъминлаш, иқтисодиётни планлаштиришдан воз кечиш, инсонлар ва пуллар чегараларни бемалол босиб ўтиши таъминлаш ҳақида кўп ёзаман.

Шуларнинг барчасида асосий ғоя бу иқтисодий ўсиш. Яъни ислоҳотлар бутун иқтисодиёт ўсишига олиб келади ва бунинг натижасида камбағаллик ҳам камаяди. Айтиш керакки, агар биз ўртача дунё ЯИМдан секинроқ ўсишни давом эттирсак, етиб олишимиз қийин бўлади.

Пандемиядан олдинги ўртача дунё даромади 11 минг доллар атрофида (2018) эди, киши бошига эса дунё 1.9% ўсиб келаётган эди. Бу дегани дунёдаги ўртача даромад 210 долларга ўсиб келаётган эди.

Ўзбекистонда эса 2018 йилда киши бошига ўсиш 3.3 фоизни ташкил қилди, ЯИМ эса 1532. Бу дегани, бизда ўртача киши бошига даромад йилига атиги 47 долларга кўпайди. Агар долларни константа деб олсак, дунёдаги ўртача даромаднинг ўсиш сурати бизнинг ўртача даромад ўсиш суратидан деярли 5 кўпроқ эди.

Бу 2018 йилнинг рақамлари — янги тарихимизда деярли энг тез ўсган йилимизни мисол қилиб келтиряпман, яъни энг яхши йилимизда ҳам нисбатан секин ўсиб келганимизни кўрсатиш учун (менга 2008-2016 йилларни мисол қилманг, де-факто ўсиш ўша пайт суст бўлган, рақамлар чизилган).

Хулоса шуки, бизни шароитда камбағалликни қисқартиришини деярли ягона йўли, керакли, балки жуда оғриқли ва кўп сиёсий иродани талаб этувчи ислоҳотларни амалга ошириш. Иқтисодий ислоҳотларни амалга оширмасак, ҳозирги камбағалликни қисқартиришга қаратилган уринишлар, ресурсларни бир жойдан иккинчи жойга йўналтиришга ўхшайди. Чунки охир-оқибат иқтисодиётда ресурслар кўпайиб қолмайди.

Иқтисодиётда ресурслар кўпайиб қолиши учун қўшимча қиймат яратилиши керак. Қўшимча қиймат яралиши учун инсонлар ўзларининг меҳнатлари меваси ўзларининг қўлида эканлигига қоғозда эмас, ҳақиқатда ишонч ҳосил қилишлари талаб этилади. Бошқача қилиб айтсак, мулк даҳлизлиги таъминланган, очиқ рақобат ва эркин савдо мавжуд бўлган, қонундан устувор ва ноформал тартиблар бўлмаган, келишмовчиликлар адолатли ва профессионал суд орқали ҳал бўладиган жамиятларда инсонлар ўзларининг меҳнатларини меваси ўзларини қўлида эканлигига ишонишади. Яъни ана шундай жамиятда қўшимча қиймат яратилади. Бизда ҳам шундай бўлиши учун ҳамма биладиган институционал ислоҳотларни амалга ошириш талаб этилади.

Охирги пайт Билл Истерлини камбағаллик ҳақида ёзган мақолаларидан илҳомланиб қилган хулосам шу.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.