Ўзбекистон молиявий шаффофликнинг минимум талабларига ҳам жавоб бермайди – АҚШ

Ўзбекистон молиявий шаффофликнинг минимум талабларига ҳам жавоб бермайди – АҚШ

Фото: Ўзбекистон Молия вазирлиги

АҚШ Давлат департаменти молиявий шаффофлик бўйича 2020 йилги ҳисоботини эълон қилди.

АҚШ ҳукумати Америкадан молиявий ёрдам оладиган мамлакатлардаги фискал шаффофлик даражасини ўрганиб, ҳар йили ҳисобот чиқаради. Унда хорижий мамлакатларда давлат бюджетига оид маълумотлар қанчалик шаффоф ва аҳоли кўра олиши учун очиқ экани, табиий захираларни қазиш учун лицензия бериш тартиби қанчалик ошкора ва қонуний асосда ўтказилиши таҳлил қилинади.

АҚШ Давлат департаментининг молиявий шаффофлик талабларини бажариш учун қуйидаги икки маълумот барча учун очиқ бўлиши керак:

  • а) Миллий бюджетга оид барча тушум ва харажат маълумотлари (вазирликлар кесимида);
  • б) Табиий бойликларни қазиб олишга оид шартномалар ва лицензиялар қандай берилиши ҳақидаги маълумотлар.

2020 йилги ҳисоботда ўрганилган мамлакатлар рўйхатида Ўзбекистон ҳам бор.

Ҳисобот хулосасига кўра, Ўзбекистон молиявий шаффофликни таъминлаш бўйича салмоқли ижобий ўзгаришларни амалга оширган, аммо Давлат департаменти қўйган минимум талабларга ҳануз жавоб бермайди.

Ўзбекистоннинг йиллик бюджети ва йил охиридаги ҳисобот оммага тақдим қилинган, аммо қарз мажбуриятлари, хусусан, ҳукумат томонидан кафолатланган давлат корхоналари қарзлари ҳақидаги маълумотлар ҳануз жамоатчиликка маълум эмас. Бюджет ҳужжатларида харажатлар вазирликлар ва давлат идоралари кесимида кўрсатилмаган. Давлат корхоналари келтираётган тушумлар ҳақида ҳам маълумот йўқ.

Бундан ташқари, табиий захира бойликларидан олинаётган тушумлар ҳамда ҳукуматнинг бюджетдан ташқари харажатлари ҳақидаги маълумот тақдим этилмаган. Ижро ҳокимияти идоралари харажатлари учун қанча сарфланиши бўйича рақамлар бюджет ҳужжатларида акс этмаган.

Шу каби маълумотлар батафсил берилмагани учун давлат бюджети ҳақидаги рақамларнинг қанчалик ишончли эканини аниқлаш мумкин эмас, дейилади ҳисоботда.

Унда яна ёзилишича, Ўзбекистоннинг йиллик бюджети юзасидан ўтказиладиган аудит маълумотлари ҳам жамоатчилик учун очиқ эмас. Шунингдек, табиий захираларни қазиб олиш учун бериладиган шартнома ва лицензиялар қандай асосларда берилиши номаълум, чунки бунинг тартиби қонунларда акс этмаган, дейилади АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида. Натижада захираларни қазиб олиш ҳуқуқи кимга ва қандай тартибда берилгани ҳақидаги маълумотларни топиб бўлмайди.

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги фискал шаффофликни минимум талабларга жавоб берадиган ҳолатга келтириш учун ҳукуматга қуйидагиларни тавсия қилади:

• Давлат қарзи мажбуриятларига оид маълумотларни ошкор қилиш;

• Харажатлар ҳақидаги маълумотларни вазирликлар кесимида эълон қилиш, шунингдек, бюджет ҳужжатларида давлат корхоналарига берилаётган ёрдам ва улардан тушаётган тушум маълумотларини акс эттириш;

• Бюджет ҳужжатларининг ишончлилигини таъминлаш;

• Ҳукумат бюджетининг ижроси юзасидан ўтказилган аудит ҳисоботларини белгиланган муддатда ошкор қилиш;

Табиий бойликларни қазиш ҳуқуқи кимга ва қандай тартибда берилиши бўйича аниқ механизм яратиш ва амалда уларга риоя қилиш;

• Табиий бойликларни қазиш бўйича берилган лицензия ва шартномалар ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликка ошкор қилиш.