Ўзбекистонга импорт қилинадиган айрим хом ашёлар вақтинчалик божхона божидан озод қилинди

Ўзбекистонга импорт қилинадиган айрим хом ашёлар вақтинчалик божхона божидан озод қилинди

Импорт қилинадиган айрим хом ашё ва материаллар 2022 йил 1 январга қадар божхона божи тўлашдан озод қилинди. 

Таъкидланишича, «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинган.

Фармонга кўра, маҳаллий ишлаб чиқарилган базавий сифатдаги пахта толасининг бошланғич нархи Нью-Йорк товар биржасининг энг яқин етказиб бериш ойи учун фьючерс котировкаси қийматидан келиб чиққан ҳолда сотувчи томонидан белгиланади.

Шунингдек, маҳаллий тўқимачилик корхоналарига биржа савдоларида 2020 йил 1 апрелга қадар миллий валютада сотилган пахта толаси учун якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилади. Фармон билан импорт қилинадиган айрим хом ашё ва материаллар 2022 йил 1 январга қадар божхона божи тўлашдан озод қилинди.

2020 йил 1 майдан 31 декабрга қадар қўшилган қиймат солиғини қайтаришнинг соддалаштирилган тартиби амал қилади.

Ўзбекистон божхона чегараси орқали пахта ип-калаваси ва трикотаж матони олиб чиқишда 2021 йил 1 январдан бошлаб олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава учун 0,01 АҚШ доллари, 2022 йил 1 январдан олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава ва трикотаж мато учун 0,05 АҚШ доллари, 2023 йил 1 январдан 0,1 АҚШ доллари, 2025 йил 1 январдан 0,2 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги марказий аппаратлари тузилмаларида белгиланган штат бирликлари доирасида тўқимачилик саноати масалалари бўйича тузилмалар ташкил этилади.

Божхона божларини тўлашдан озод этиладиган импорт қилинадиган хом ашё ва материаллар рўйхати билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.

Шунингдек, фармонга кўра, 2020 йил 1 сентябрга қадар жаҳон брендларини жалб қилган ҳолда ташқи бозорларда талаб катта бўлган юқори қўшилган қийматга эга тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ва ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича 2021—2025 йилларга мўлжалланган инвестиция лойиҳалари тасдиқланади.

Бунда ҳар бир янги тикувчилик-тўқимачилик ишлаб чиқариши, қоида тариқасида, машҳур халқаро брендлар маҳсулотларини реализация қилиш ва камида 1000 та иш ўрнини ташкил этишга мўлжалланган бўлиши лозим.