Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида карантин базалари ташкил этилади

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида карантин базалари ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари:

– бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигига қарашли санаторий ва бошқа соғломлаштириш масканларида ҳамда давлат тасарруфидаги дам олиш ва соғломлаштириш масканлари, меҳмонхоналари негизида Қорақалпоғистон Республикасида 4 та, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 3 тадан 14 кунлик карантин тадбирлари учун мослаштирилган базалар ташкил этилиши чораларини кўради;

– карантинда сақланаётган шахсларни бир-биридан ажратган ҳолда улар ўртасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг максимал олдини олиш имконини берувчи махсус карантин объектлари қурилишини қисқа муддатларда таъминлайди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 49 нафарга етди.