«Озодлик»нинг Қирғиз хизмати журналистлари пора олганликда айбланмоқда

«Озодлик»нинг Қирғиз хизмати журналистлари пора олганликда айбланмоқда

Ўтган йил «Озодлик» радиосининг қирғиз хизмати, Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ қилиш маркази (ОCCРП) ва Қирғизистондаги Клооп сайти «Марказий Осиё юрагида патронаж ва талон-тарож» деб номланган мустақил журналистик суриштирувни эълон қилган эди.

Қирғизистон давлат хавфсизлик хизматининг даъво қилишича, «Озодлик» радиоси Қирғиз хизмати мухбирлари пул ювиш билан шуғулланган таниқли тадбиркордан 100 минг доллар пул олган.

Америка Овози нашрининг маълум қилишича, бу даъво узоқ йиллар юзлаб миллион доллар маблағни Қирғизистондан четга ташиган хитойлик уйғур бизнесмен Аэркин Саймаити ўлимига оид парламент тингловида олға сурилди.

«Озодлик» радиоси президенти Жейми Флайнинг таъкидлашича, бу айбловлар журналистларга қарши «ўзларининг бойликлари ва қудратларини ҳимоя қилишни истаган коррупционерларнинг қасосидир».

Ноябрь ойида Истанбулда ўлдириб кетилишидан олдин Саймаити қандай қилиб Қирғизистондан пулларни нақд кўринишда ва курьер орқали олиб чиқиб кетганига оид молиявий ҳужжатларни журналистларга тақдим этган эди.

Саимаити вафотидан сўнг «Озодлик» радиосининг қирғиз хизмати, Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ қилиш маркази (ОCCРП) ва Қирғизистондаги Kloop.kg сайти «Марказий Осиё юрагида патронаж ва талон-тарож» деб номланган мустақил журналистик суриштирувни эълон қилди.

Суриштирувда жиноий схема фигурантларидан бири сифатида Қирғизистон Давлат Божхона агентлиги раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимов номи тилга олинган. Журналистлар ҳисоботи эълон қилиниши ортидан Қирғизистонда норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Сиёсий ўйинларда таъсирчан воситачи сифатида кўриладиган Матраимов ва унинг оиласи Сайимаитига ва Қирғизистон божхона хизматидаги коррупцияга алоқадорлигини рад этди. У ва унинг оиласи журналистлар устидан туҳмат даъвоси билан судга мурожаат қилди.

Коррупцияга оид суриштирув эълон қилиниши ортидан «Озодлик» радиоси мухбири Али Токтакуновга нисбатан бир неча ўлим таҳдидлари бўлгани ҳам хабар қилинди.

Терговчиларга кўра, Саймаити Марказий Осиё, Европа, АҚШ ва БААда юк ташиш ҳамда кўчмас мулк бўйича бизнес империясини қурган уйғур бизнесмени Ҳабибулла Абдукадир билан пул масаласида келишмовчиликларга эга бўлган.

Саймаити Абдуқодир учун дунё бўйлаб юзлаб миллион доллар маблағ кўчирган. Ҳабибулла Абдукадир номи журналистлар суриштируви ноябрь ойида эълон қилингунча жамоатчиликка номаълум бўлган.

Терговда гувоҳлар айтган маълумотга таяниб, Қирғизистон Хавфсизлик хизмати ходими Самидин-улу Сағинбекнинг айтишича, Саймаити Абдуқодирга босим ўтказиш ва ўз молиявий муаммосини ҳал қилиш учун журналистларни ёллаган.

Суд мажлисида видео орқали гувоҳлик берганлардан бири Қирғизистоннинг Истанбулдаги собиқ бош консули Эркин Сопоковдир.

Саймаити ўлдирилган кечада Сопоковнинг автомобили Истанбулдаги қотиллик юз берган кафе олдидан топилган.

Ишдан бўшатилганидан ва Қирғизистонга қайтганидан сўнг Сопоков Саймаити ва бошқаларга машинасидан фойдаланишга рухсат берганлиги учун хизмат вазифасини суистеъмол қилганликда айбланиб ҳибсга олинган. Шунингдек, у ноқонуний маблағ жамғаришда ҳам айбланмоқда.

Терговчилар гувоҳларнинг даъволарини тасдиқловчи бирон-бир ҳужжат ёки бошқа далилларни тақдим этмади. Саймаити журналистларга берган ҳужжатларнинг сохталиги ҳақидаги даъволар юзасидан ҳам далиллар кўрсатилмаган.

ОCCРП баёнотида айтилишича, Қирғизистон хавфсизлик хизмати терговда «фақат қотиллик қурбонига ва журналистиканинг ўзига эътибор қаратмоқда».

«Агентлик иккита гувоҳга ишонди, улардан бири журналистлар сохта ҳужжатларни ишлатган деб даъво қилган. Иккинчиси эса «Озодлик» радиоси мухбири томонидан нотўғри хатти-ҳаракатлар содир қилинганини айтган. Бу даъволар ҳужжатли далиллар билан тасдиқланмаган ва иккаласи ҳам кимдандир эшитганига таянган», - дейилади ОCCРП баёнотида.

Озодлик, ОCCРП ва Клооп биргаликда апрель ойида ўтказган суриштирув 2019 йил уюшган жиноятчилик тўғрисида энг яхши журналистик ишларни тақдирловчи «Суриштирувчи репортёрлар ва муҳаррирлар» нодавлат ташкилотининг нуфузли «Том Реннер» мукофотига сазовор бўлди.