Парламентдаги жанжалдан сўнг Эрдоған мухолифатдаги депутатни судга берди

Парламентдаги жанжалдан сўнг Эрдоған мухолифатдаги депутатни судга берди

Туркия президенти Режеп Тайип Эрдоған мухолифатдаги Халқ-республика партияси (ХРП)нинг парламентдаги фракцияси раҳбари ўринбосари Энгин Озкочни судга берди ва ҳақорат қилгани учун ундан 1 миллион турк лираси (тахминан 165 минг доллар) миқдорида товон пули талаб қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости.

Аввалроқ Озкоч Эрдоғанни ўлган турк ҳарбийлари ҳақида гапирганда "kelle" сўзини ишлатганликда ва хиёнат қилганликда айблаган. Президентнинг болалари ҳарбий хизматдан бош тортганини қўшимча қилган.

Озкочнинг бу баёноти туфайли чоршанба куни Туркия парламентида ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси ва ХРП депутатлари ўртасида оммавий муштлашув бўлиб ўтди.

Жанг натижасида беш киши тан жароҳати олди. Улардан иккитасининг бошига тантаналарда фойдаланиладиган болғадан зарба берилган ва касалхонага ётқизилган.

"Hurriyet" газетасининг ёзишича, Анқара Бош прокуратураси "президентни ҳақорат қилиш" бўйича Озкоч устидан тергов бошлаган.