Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






ПМТИ: таълимга сарфланадиган харажат 1 фоизга ортса камбағаллик 0,03 фоизга қисқаради
1.12.2022 11:34,  
42

Ўзбекистонда таълим соҳасига эътибор йил сайин яхшиланмоқда. Бироқ шунинг ўзи етарлими? Умуман таълим учун катта маблағ ажратиш қанчалик тўғри? Бу каби саволлар доим баҳсли бўлиб келган. Айни шу муштарак мақсаддан келиб чиқиб Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) давлат томонидан таълим тизими учун ажратилаётган харажатлар аҳоли орасида камбағаллик даражасини қисқартиришга қандай таъсир кўрсатишини баҳолаш бўйича тадқиқот ўтказган.

Маълумки, жаҳон банкининг шиори – “Мақсадимиз – камбағаллик йўқ бўлган дунё” деб аталадаи. Қолаверса, камбағалликнинг барча кўринишларига барҳам бериш 2030 йилгача бўлган давр учун мўлжалланган барқарор ривожланиш (БРМ) бўйича 17 та мақсаднинг биринчиси ҳисобланади. Камбағалликни қисқартириш ва тенгликни таъминлашга кўмаклашувчи омиллар орасида таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилади. Таълим инсон капиталининг тўпланишига имконият яратиб, оилалар ёки жамоаларни камбағаллик тўридан олиб чиқиш учун катализатор бўлиб хизмат қилиши мумкин. Таълим ёш авлод учун ҳам, катталар учун ҳам тараққиётнинг кучли омили ҳамда камбағалликни қисқартириш ва соғлиқни сақлаш, гендер тенглиги, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш соҳаларидаги кўрсаткичларни яхшилашнинг энг кучли воситаларидан биридир. Маълумот даражаси юқорироқ одамларнинг иш топиш имконияти кўпроқ. Улар иқтисодий жиҳатдан самаралироқ ва шунинг учун даромадлари ҳам юқорироқ. Аёлларнинг таълим олиши яхшиланса, болалар ўлими камайиши исботланган. Сабаби билимли аёллар тиббий ёрдамга кўпроқ мурожаат қилади ва ўзлари ҳамда фарзандларининг саломатлигини асраш усуллари ҳақида яхшироқ маълумотга эга.

Кам таъминланган оилалар ҳар доим ҳам оила аъзоларининг асосий эҳтиёжлари, шу жумладан таълим олишга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун етарли маблағга эга бўлавермайди. Шу нуқтайи назардан, таълим соҳасига ажратилаётган давлат харажатлари, бир томондан, бу оилаларни қўллаб-қувватлаш учун хизмат қилса, иккинчи томондан, мамлакатнинг келажакдаги иқтисодий юксалиши учун бебаҳо сармоядир. Инсон капитали ҳар қандай иқтисодиёт, хусусан, билимга асосланган иқтисодиётнинг энг муҳим бойлигидир. Тадқиқотларга кўра, инсон капиталининг 1 фоизга ўсиши иқтисодий ўсиш суръатини 0,4  фоизга оширади.

Ўзбекистон ва хорижий давлатлар. Таълим тизимини ривожлантириш мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ Ўзбекистон Республикаси сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлган, бироқ сўнгги 5 йилда таълимнинг барча босқичларида сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилди. Жумладан аҳолининг мос ёшдаги қатламларини мактабгача таълим билан қамраб олиш 38,2% га (2016 йилдаги 23,8% дан 2021 йилда 62% га), умумий ўрта таълим билан қамраб олиш 0,9% га (2016 йилдаги 96,9% дан 2021 йилда 97,8% га), олий таълим билан қамраб олиш 29% га (2016 йилдаги 9% дан 2021 йилда 38% га) ўсди. 2020 йилда талим тизими учун ажратилган давлат харажатлари ЯИМнинг 4,9% ини ташкил этди.

Жаҳон тажрибаси. Жанубий Корея. Жанубий Кореяда айнан давлат сиёсати туфайли таълим тизими учун мўлжалланган маблағлар мудофа учун мўлжалланган маблағлардан сўнг бюджетнинг энг катта қисмига айланди. Шу тариқа у ижтимоий сиёсатни ўзгартирди, камбағалликни қисқартирди ва таълим даражасини рекорд даражада юқорига кўтариш учун имконият яратди.

Хитой ҳукуматининг бюджетдан таълим тизими учун ажратаётган маблағлари 8 йил давомида (2011 йилдан 2019 йилгача) ЯИМнинг 4 фоизидан ортиғини ташкил этди. Йирик коллеж ва университетларда қишлоқ жойлардан келган талабалар улушини ошириш ҳамда кўпроқ қишлоқ ёшлари учун олий таълимнинг юқори сифатли ресурсларидан фойдаланиш имкониятини яратиш учун қишлоқлар ва камбағал ҳудудлардан келувчи талабаларга ўқишга кириш имконини берувчи махсус қабул режалари (улар учун қабул балларини пасайтириш, қўшимча стипендиялар ажратиш) ишлаб чиқилди.

Бразилияда таълим тизими учун давлат томонидан ажратилаётган маблағлар 1980 йилда ЯИМнинг 2,7 фоизини ташкил этган бўлса, 2000 йилларга келиб 4,5 фоизгача оширилди. Шу билан бирга, қўшимча маблағларнинг катта қисми бошланғич таълимга йўналтирилди. Таълим олишнинг яхшиланиши анча яхши малакага эга ишчиларнинг пайдо бўлиши ва ўз навбатида даромадларнинг ўсишига олиб келди. Натижада таълим соҳасини ривожлантириш орқали мамлакат камбағалликка қарши курашда сезиларли ютуқларга эришди. Таълим сифатининг оширилиши миллий баҳолаш тизимини барпо этиш ва яхшилашга қаратилган мақсадларни ўз ичига олган. Ушбу миллий тизим ҳозир Бразилияда мактаблар, муниципалитетлар, штатлар ва минтақалар бўйича эришилган ютуқларни, шу жумладан талабаларнинг турли хил фанлар бўйича билимини баҳолайди. Мақсад, уларнинг натижаларини халқаро стандартларга мувофиқ тарзда яхшилаш.

Давлат томонидан таълим тизими учун ажратилаётган маблағларнинг камбағалликни қисқартиришга таъсири жаҳон банкининг паст ва ўрта даромадли 52 та мамлакат бўйича 1990-2020 йиллар оралиғига оид маълумотлари асосида баҳоланди.  Ушбу таҳлил алоҳида таъсирларни ҳисобга олмайдиган (қатъий) эконометрик модель (Fixed Effects model) асосида амалга оширилди (Akbar et al., 2019).

Давлат томонидан таълим тизими учун ажратилаётган маблағларнинг камбағалликни қисқартиришга таъсирини таҳлил қилиш учун асосий мустақил ўзгарувчи сифатида давлатнинг таълим учун харажатлари (ЯИМга нисбатан фоиз) ва боғлиқ ўзгарувчи сифатида камбағаллик коеффициенти (жами аҳоли сонидаги улуши, фоиз) дан фойдаланилди. Бундан ташқари, назорат ўзгарувчилари сифатида инфляция, истеъмол нархлари (йиллик фоиз), аҳоли сонининг ўсиш суръати (йиллик фоиз), савдо (ЯИМдаги улуш сифатида экспорт ва импорт йиғиндиси), ялпи капитал қўйилмалар (ЯИМга нисбатан фоиз) ва ЯИМнинг ўсиш суръати (йиллик фоиз) дан фойдаланилди.

Ушбу тадқиқотда 2 та регрессия таҳлили ўтказилди: алоҳида таъсирларни ҳисобга олмайдиган модель (Fixed Effects model) ва тасодифий таъсирлар (Random Effects model) модели. Кейинги босқичда ушбу таҳлил учун қайси усул мос эканлигини аниқлаш мақсадида Хаусман тести ўтказилди. Алоҳида таъсирларни ҳисобга олмайдиган модель мазкур таҳлил учун ишончлироқ эканлигини кўрсатди. Бинобарин P(эҳтимоллик)-қиймати = 0,01 га тенг. У альфа (0,05) дан кичик. Бундан ташқари, мултиколлинеарлик VIF тести ўтказилди. Унда ўртача VIF қиймати 5 дан паст эканлиги ва 1,37 ни ташкил этиши аниқланди. Бу мустақил ўзгарувчилар бир-бири билан яқин корреляцияга эга эмаслигини кўрсатади. Шундан келиб чиққан ҳолда мултиколлинеарлик фарази бузилмаслигига ишонч ҳосил қилинди (1-жадвал).Алоҳида таъсирларни ҳисобга олмайдиган (қатъий) таъсирга эга регрессия модели ёрдамида олинган натижалар давлат томонидан таълим учун ажратиладиган маблағларнинг 1 фоизга ошиши камбағалликни 0,03 фоизга қисқартириш имкониятини яратишини кўрсатди. Тадқиқот натижалари мавжуд адабиётлардаги натижаларга (Hidalgo-Hidalgo and Iturbe-Ormaetxe, 2018) мос келади. Уларда давлатнинг таълим тизими учун харажатлари ва камбағаллик даражаси ўртасидаги муносабатлар тадқиқ қилинган ва таълим учун харажатларнинг ортиши камбағалликни қисқартиришга ҳисса қўшиши аниқланган. Бу шуни англатадики, ҳукумат таълим соҳасига қанча кўп сармоя киритса, унинг камбағалликликни қисқартиришга таъсири шунча кўп бўлади. Кейинги босқичда, камбағаллик ва ички инвестициялар кўрсаткичи бўлган ялпи капитал қўйилмалар (ЯКҚ) ўртасидаги боғлиқлик кўриб чиқилди. ЯКҚнинг ўсиши камбағалликни қисқартиришга ҳисса қўшиши аниқланди. ЯКҚнинг камбағалликка ЯИМ орқали таъсир қилади. Бу ерда ЯКҚнинг ортиши ЯИМнинг ўсишига олиб келади ва бу орқали камбағалликни қисқаришга туртки беради. Шунингдек, ЯКҚ иқтисодиётдаги меҳнат унумдорлигига ижобий таъсир кўрсатувчи асосий омил ҳисобланади. Бундан ташқари, ЯКҚ иқтисодий фаолиятни ривожлантириш учун инфратузилмаларни таъминлаш орқали иқтисодий ўсишга ижобий таъсир кўрсатади. Натижада, ЯКҚ асосан, ЯИМ орқали камбағалликка билвосита таъсир қилади (Saleem and Zaheer, 2018). Ушбу тадқиқотда ҳам ЯИМ ўсишининг камбағалликни қисқаришига олиб келди. Иқтисодиёт ривожлангани сайин бандлик ва даромадларнинг ортиш имкониятлари ҳам кенгайиб боради. Ривожланган меҳнат бозорлари ва юқори даромад даражаси кам таъминланган оилаларга камбағалликдан чиқишда ёрдам беради (Адамс, 2003). Шунингдек, камбағаллик ва савдо-сотиқ ўртасидаги боғлиқлик ҳам ўрганилди ва савдо ҳажмининг ошиши камбағалликнинг қисқаришига олиб келиши аниқланди. Қоидага биноан, савдо даромадларни ошириб, иқтисодий ўсишга ижобий таъсир қилади. Бу эса ўз навбатида камбағалликни қисқартиради. Савдо мамлакат сотиб олаётган нарсанинг нархини пасайтириб, у сотаётган нарсанинг нархини оширади. Бу эса камбағалликни қисқартиришга ижобий таъсир қилади. (Brooks, 2003). Савдо-сотиқ ислоҳотлари экспорт секторида банд бўлиш орқали камбағалларни иш билан таъминланиш ва уларнинг даромадларини ошириш имкониятини яратиб, фойда келтириши мумкин. Бу эса пировардида камбағалликни қисқартиришда ёрдам беради (World Bank Group, 2018). Тадқиқотда, қашшоқлик ва инфляция ўртасида ижобий боғлиқлик борлиги ҳам аниқланди. Бу эса инфляциянинг ошиши камбағаллик даражасини оширишини тасдиқлайди. Юқори инфляция даражаси тенгсизлик ёки камбағалликни кучайтиради. Сабаби, у бадавлат уй хўжаликларига қараганда камбағал ёки ўртача даромадли уй хўжаликларининг даромадлари ва жамғармаларига кучлироқ таъсир қилади. Яқинда қашшоқликдан ҳалос бўлган уй хўжаликлари инфляциянинг ўсиши туфайли яна унинг домига тушиши мумкин (Gill and Nagle, 2022).

Жадвалдан кўриниб турибдики, аҳоли сонининг ўсиш суръати ўзгарувчиси статистик аҳамиятга эга эмас. Шунингдек, бу натижалар бир қанча тадқиқот ишларига мос келади.

Хулоса ва таклифлар

Эмпирик таҳлил натижаларига кўра, таълим тизими учун сарфланган маблағлар дунёда камбағалликни қисқартиришга ҳисса қўшади. Аввалроқ, мазкур тадқиқотда таълим учун сарфланган харажатлар улушининг ўртача қиймати 4,11 фоизни ташкил этган пайтда адабиётлар таҳлилида 2020 йилда Ўзбекистонда таълим тизими учун давлат харажатларининг ЯИМдаги улуши 4,92 фоизни ташкил этгани эслатиб ўтилганди. Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича чора-тадбирларнинг манзиллилигини яхшилаш мақсадида таълим соҳасида тенгдошларидан ортда қолаётган болалар учун қўшимча дарслар ташкил этиш учун ўқитувчиларнинг иш ҳақига субсидиялар ажратиш каби алоҳида дастурларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Шундай қилиб, таълим доим муваффақиятли келажакнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Таҳлил натижаларига кўра, таълим соҳасига бюджетдан етарли миқдорда маблағ ажратилиши, шубҳасиз, мамлакатда камбағалликни қисқартириш воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин. Давлат харажатларини тақсимлашда таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилаётган глобал тенденцияга риоя этган ҳолда Ўзбекистон камбағалликни сезиларли даражада қисқартириши ва узоқ муддатли истиқболда юқори кўрсаткичларга эришиши мумкин.

Қайд этиш жоизки, инсон капитали назариясига кўра, таълим учун харажатлар ошириладиган бўлса, ходимларнинг меҳнат унумдорлиги ҳам ошади. Бу эса пировардида уларнинг даромадлари ортиши ҳамда аҳолининг камбағаллик даражаси пасайишига олиб келади. Шу билан бирга, фарзанд таълимининг бошланғич даражалари (мактабгача, бошланғич, ўрта таълим) га сармоя киритиш, келгусида уларнинг даромадлари таълимнинг кейинги босқичларига сармоя киритишдагига қараганда кўпроқ ортишида ёрдам беради. Таълим жамиятда даромадлар тенгсизлигини камайтириш ва гендер тенглигини таъминлашнинг асоси ҳисобланади. Ота-онанинг таълим даражаси фарзандлар фаровонлигига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатиб, келгусида уларнинг камбағал бўлиб қолиш хавфини камайтиради.

Давлат томонидан таълим тизими учун ажратилаётган маблағларнинг камбағалликни қисқартиришга таъсирини баҳолаш учун паст ва ўрта даромадли 52 та мамлакатнинг 1990-2020 йиллар бўйича панель маълумотларидан фойдаланиб, эмпирик таҳлил ўтказилди. Баҳолашда Ўзгармас эффектлар эконометрик модель қўлланилди.

Тадқиқот натижаларига кўра, давлат томонидан таълим тизими учун ажратилаётган маблағларнинг 1% га ортиши камбағалликни 0,03% га қисқартириш имконини беради. Шу билан бирга, ЯИМнинг ўсиши, савдо-сотиқ ва ҳамда ялпи капитал қўйилмаларнинг ошиши, инфляциянинг пасайиши каби омиллар камбағаллик даражаси билан тескари алоқага эга.

Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўқувчиларнинг билим ва малакасини, шунингдек, STEM, қўшма таълим, лойиҳавий таълим каби замонавий мавзулар ва ёндашувларни баҳолаш учун халқаро тадқиқотлар (PISA, PIRLS, TIMMS) га тааллуқли бўлган мавзуларни ҳам ўз ичига олган Миллий ўқув дастурини тасдиқлади.

 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан