Президент Аҳмад Дониш кўчасининг қайта қурилган қисмини бориб кўрди (фото)

Президент Аҳмад Дониш кўчасининг қайта қурилган қисмини бориб кўрди (фото)

Фото: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Аҳмад Дониш кўчасида амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўрди.

Илгари бу кўча ўртасидаги майдон бетон девор билан ўралгани сабабли йўл жуда ҳам тор эди. Юнусобод метро йўналишининг давоми қурилиши натижасида бу жой очилди.

Шавкат Мирзиёев метронинг Юнусобод йўналишини жамоатчилик вакиллари билан биргаликда айланмоқда (фотожамланма)

Аҳмад Дониш кўчасининг Амир Темур кўчасидан Тошкент ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган 2,2 км қисми 6 қаторлик қилиб қайта қурилди. 4 қаторлик мавжуд йўл реконструкция қилинди. Пиёдалар ва велосипед йўлакчалари, майсазорлар ташкил этилди. Энергия тежамкор ёритиш мосламалари ўрнатилди.

Яна бир муҳим жиҳати – Аҳмад Дониш кўчаси ўртасидаги яшил ҳудуд ва кўча бўйларидаги дарахтлар сақлаб қолинди. 1850 та манзарали дарахт кўчати экилди.

- Йўл қурилишига қўшимча пул бериб, замонавий техникалар олингани бугун натижасини беряпти. Бу эса одамларга манфаат, сифат келтириши керак, - деди Шавкат Мирзиёев.

Чорраҳаларда йўл 92 метргача кенгайтирилган. Транспорт воситалари ўнг тарафга тўхтовсиз ҳаракатланиши кўзда тутилган. Бу Аҳмад Дониш, Амир Темур, Боғишамол каби кўплаб кўчалардаги тирбандликни камайтиради. Тошкент ва Қибрай туманлари аҳолисининг пойтахт марказига етиб бориш вақти 2 баробар қисқаради. Ушбу янги трассада бир кунда 60 мингтагача транспорт воситаси ҳаракатланиши мумкин.

Давлатимиз раҳбари бу ерда мутасаддиларга йўлсозлик сифати ва кўламини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

- Одамларимиз ҳам, меҳмонлар ҳам йўлга қараб давлатга баҳо беради. Йўллар яхши бўлса, халқимиз рози бўлади. Шунинг учун бундай сифатли йўлларни ҳудудларда ҳам қуриш, қишлоқ йўлларини ҳам ўзгартириш керак, - деди Президент.

Шу ерда Юнусобод тумани аҳолиси вакиллари билан самимий мулоқот бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Тошкентнинг Фарғона йўли кўчасида амалга оширилаётган таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини ҳам бориб кўрди.

Туркиянинг «Kalyon» ширкати билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳага асосан, 8 қаторлик янги автомобиль йўли қуриш, 2 қаторлик мавжуд йўлни реконструкция қилиш, энергия тежамкор ёритиш мосламалари ўрнатиб, пиёдалар ва велосипед йўлакчалари, майсазорлар ташкил этиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари бир километр йўл қуришга юртимиз ва хорижда кетадиган маблағ ҳамда материаллар қатламини таҳлил қилиш асосида йўл индустриясини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Автомагистраллар билан бирга ички йўлларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.