Президент туризм, транспорт ва енгил саноат каби соҳаларга солиқ таътили беришга топшириқ берди

Президент туризм, транспорт ва енгил саноат каби соҳаларга солиқ таътили беришга топшириқ берди

Фото: president.uz

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишининг бошида коронавирус муаммосига тўхталиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев вазият тўлиқ назорат остида эканини алоҳида таъкидлаб, халқимизга мурожаат қилди.

Коронавирус пандемиясининг бутун дунё мамлакатлари қатори бизнинг ҳам иқтисодиётимизга салбий таъсири бўлиши табиий.

Сўнгги икки ҳафтада жаҳон бозорида нефтнинг нархи (бир баррель 60 доллардан қарийб 30 долларга) кескин пасайиб кетгани оқибатида газ экспортимиз тушумлари қисқариши мумкин.

Хориждаги асосий савдо ҳамкорларимизнинг миллий валюталари қадрсизланиши республикамизга ҳам, албатта, валюта тушумини камайтиради.

Хорижий туристлар сони ва тушум миқдори камайиши мумкин. Булар, табиийки, ялпи ички маҳсулот ва экспорт ҳажмига таъсир қилмасдан қолмайди.

Менинг топшириғимга мувофиқ, Махсус ишчи гуруҳ туризм, транспорт, фармацевтика ва енгил саноат каби соҳаларга солиқ таътиллари бериш, кредитларни қайтариш муддатини кечиктириш, кечиктирилган ташқи қарздорлик учун жарима қўлламаслик тартибини жорий қилиш чораларини кўрмоқда.

Ҳукумат қийин аҳволга тушиши мумкин бўлган соҳа ва тармоқларни, йирик корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириши зарур.

Бу жараёнда, аввало, молия ва хомашё бозорида беқарорлик юзага келишига йўл қўймаслик лозим, деди президент. 

Мурожаатнинг батафсил матни: Шавкат Мирзиёев коронавирус масаласида Ўзбекистон халқига мурожаат қилди