Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Путин конституциявий ислоҳотларни бошлади, Медведев истеъфога кетди, Россияда янги бош вазир кимлиги маълум бўлди
16.01.2020 11:41,  
646

Россия президенти Владимир Путин 2020 йил 15 январ, чоршанба куни конституциявий ислоҳотларни бошлади, Дмитрий Медведвнинг истеъфосини қабул қилди ва янги ҳукуматга бошчилик қилиш учун Федерал Солиқ Хизмати (ФСХ) раҳбари Михаил Мишустинни номзод қилиб кўрсатди.

Воқеалар бўйича қисқа шарҳ

Путин сўнгги 20 йилда ҳокимиятдаги кадрлар бўйича муҳим ўзгаришларни қилди ва конституциявий ислоҳотларни эълон қилди. У Федерал кенгашга мурожаатида асосий қонунга ўзгартиришлар киритилишини, парламентнинг ўрни кучайтирилишини айтди, кейинроқ бош вазир Дмитрий Медведевнинг истеъфосини қабул қилди.

Медведев лавозимини ўз хоҳиши билан тарк этди. Россия тарихида иккинчи марта ҳукумат раҳбари ўз ташаббуси билан ишдан бўшаяпти – бунгача 2007 йили Михаил Фрадков ҳам шундай қилган эди. 

Президент Медведевга унинг учун махсус ташкил қилинган Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари лавозимини таклиф қилди. 

Ҳукумат истеъфосидан бир неча соат ўтиб, Путин солиқ хизмати бошлиғи Михаил Мишустинга бош вазирликни таклиф қилди. Мишустин – оммага танилмаган шахс. Медведев истеъфо берганидан кейин ўтган бир неча соат ичида унинг вориси ким бўлиши ҳақидаги тахминларда Мишустин номи умуман эсланмаган эди.    

Батафсил шарҳ

Конституцияга киритилиши айтилган тузатишлардан бири президентнинг ўзига таъсир қилади – Путин бир шахс давлат раҳбарлигини кетма-кет икки муддатдан ортиқ эгаллашини тақиқловчи меъёрни ўзгартирмоқчи. Ҳали ўтган йили декабр ойидаёқ Путин айни моддадан “кетма-кет” сўзини олиб ташлашни таклиф этганди. Бу ҳолатда икки марта президент бўлиб улгурган шахс, худди Путиннинг ўзи қилганидек, орада бошқа одамни ўрнига қўйиб туриб, кейин учинчи ва ундан кейинги муддатларга номзодини қўя олмайди. 

Мамлакат раҳбарига қўйиладиган бошқа талаблар ҳам ўзгариши мумкин – президентликка номзод сайловда қатнашиш учун аввалгидек Россияда камида 10 йил эмас, узлуксиз равишда 25 йил яшаган бўлиши лозимлиги таклиф этиляпти. Бундан ташқари, президент бўлишни истаган шахс нафақат ҳозир, балки ўтмишда ҳам бирон хорижий давлат фуқароси бўлмаган бўлиши, ҳатто чет давлатда доимий яшаш рухсатномасини ҳам олмаган бўлиши керак.

Путиннинг баъзи таклифлари ҳозирда мавжуд қонунлардан кўчирилган. Улардан бири – депутатлар, сенаторлар, ҳукумат аъзолари ва судяларда хорижий паспорт бўлишини тақиқлаш.

Энг катта миқёсли таклиф – вазирлар маҳкамасини шакллантириш тартибини ўзгартириш киритиш. Айни пайтда бош вазирни президент тайинлайди, кейин эса Давлат Думаси депутатлари унинг номзодини тасдиқлаш учун овоз беради. Вазирлар ва бош вазир ўринбосарларини ҳукумат раҳбарининг ўзи танлайди, президент эса уларни тайинлаш ҳақидаги қарорларга имзо чекади. 

Мавзуга доир: Путин Конституцияга қандай ўзгартиришларни киритмоқчи?

Энди эса бош вазирни ҳам, унинг маҳкамаси аъзоларини ҳам парламент тасдиқлаши таклиф этиляпти. Тахмин қилинишича, бунинг натижасида Давлат Думаси ва Федерация Кенгашининг қудрати ошади. Бу ўзгариш амалда ишлайдими, ёки парламент худди ҳозиргидек президент маъмурияти кўрсатмаларини бажарувчи органлигича қоладими, айни пайтда бу аниқ эмас.

Путиннинг чиқишидан кейин Россия вазирлар маҳкамаси мажлисга йиғилди. Кўпчилик президент улар билан мурожаатномада таклиф этилган кўрсатмаларнинг бажаралишини муҳокама қилишини кутганди. Аммо 8 йил давомида ҳукуматга раҳбарлик қилиб келган бош вазир Дмитрий Медведев ҳукуматнинг истеъфосини эълон қилди. Би-Би-Си Рус хизматининг суҳбатдошларига кўра, вазирларнинг аксарияти учун бу кутилмаган қарор бўлган.      

Таклиф қилинган ислоҳотларга қарамай, янги ҳукумат эски қоидаларга кўра тайинланади – чунки айни ўзгаришларни Конституцияга киритиш учун вақт талаб қилинади. Истеъфога чиққан вазирлар маҳкамаси эса қонунга кўра тарқатилганидан икки ҳафта ўтгунича ишлаб туриши лозим. Ўша вақтгача вазирлар ва бош вазир ўринбосарлари “вазифасини бажарувчи” мақомида бўлади.

Медведев ўзининг истеъфосини “ҳокимият мувозанати”ни тубдан ўзгартирадиган конституциявий ислоҳотларни ўтказишда Путинга “барча керакли қарорларни қабул қилиш имконини бериш” билан изоҳлади. Ваҳоланки, Конституцияни ислоҳ этиш жараёнини бошлаш учун вазирлар маҳкамасининг тарқатилиши расман талаб этилмасди. 

Бош вазир истеъфосидан кейин Путин “гарчи барчаси ўхшамаган бўлса ҳам ҳукумат фаолиятидан қониққани” ҳақида баёнот берди. 

Янги вазирлар маҳкамасида Медведев бўлмаслиги ҳозирданоқ аниқ бўлиб улгурди. У махсус – Хавфсизлик Кенгаши раҳбарининг ўринбосари лавозими таъсис этиляпти. Кенгашга Путиннинг ўзи бошчилик қилади, Николай Патрушев эса кенгаш котиби саналади. Бир қатор мутахассислар бу ўзгариш 2024 йили Путин ҳокимиятдан кетганидан кейин Медведев унинг эҳтимолий меросхўри бўлмаслигининг белгиси, деб баҳолади.

Ҳукумат истеъфога чиққанидан кейин ўтган бир неча соат ичида янги бош вазир ким бўлиши ҳақида турли тахминлар илгари сурилди. Булар орасида энг кўзга кўринган шахслар сифатида бош вазир ўринбосари, бутун молиявий соҳани назорат қиладиган Антон Силуанов, Ҳисоб палатаси раиси Алексей Кудрин, ҳатто Москва мэри Сергей Собянин ҳам тилга олинди. Аммо кечга бориб Путин ҳеч ким кутмаган шахс – Федерал Солиқ Хизмат (ФСХ) раҳбари Михаил Мишустин номзодини бош вазирликка кўрсатишини эълон қилди. 

Ҳеч ким кутмаган номзод – Михаил Мишустин Россия ҳукуматига раҳбарлик қиладиган бўлди

Михаил Мишустин ҳукуматни бошқаришни, бугун, 2020 йил 16 январ, пайшанба куниданоқ бошлаши мумкин. Давлат Думаси бугун унинг номзодини кўриб чиқиб, тасдиқлаши лозим. Путин бу ҳақдаги ҳужжатни 15 январ куни қуйи палатага йўллаб бўлган. 

Путин ўтган йил охирида Россияда давлат бошқарув тизимини ўзгартирадиган кенг миқёсли конституциявий ислоҳотлар бўлишини эълон қилганди. Аммо бу ислоҳотлар тафсилоти фақат кечага келибгина маълум бўлди.           

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан