Қозоғистондаги намойишларда 500 нафарга яқин киши ҳибсга олинди

Қозоғистондаги намойишларда 500 нафарга яқин киши ҳибсга олинди

Қозоғистон президентлигига сайлов куни Нур-Султон ва Олма Отада бўлиб ўтган рухсатсиз намойишларда қарийб 500 киши қўлга олинди, дея хабар берди РИА Новости ИИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Марат Кожаев маълумотларига таянган ҳолда.

«Кўчаларда рухсатсиз намойишлар ўтказиш йўли билан вазиятни беқарорлаштиришга уринишлар бўлиб ўтди. Полицияга 500 нафарга яқин киши олиб келинди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, қўлга олинганлар орасида «фаол иштирокчилар, ташвиқотчилар ва ушбу ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни ўтказишда фаол қатнашганлар» бор.

Марат Кожаев Нур-Султон ва Олма Отадаги намойишлар «сайлов арафасида мамлакатда ҳокимиятни обрўсизлантириш бўйича оммавий ташвиқот олиб борган Қозоғистонда рўйхатга олинмаган ва тақиқланган экстремистик ташкилотлар» даъвати билан бўлиб ўтганини ҳам таъкидлади.

РИА Новости маълумотларига кўра, мамлакат пойтахти Нур-Султондаги намойишда 700 га яқин киши қатнашди. Интерфакс Олма Ота вилоят марказида 300 мамлакатда бўлиб ўтаётган муддатдан аввалги президентлик сайлови бойкот қилишга чақириб йиғилганини маълум қилди.

Якшанба куни Қозоғистонда ҳисоб бўйича олтинчи президентлик сайлови бўлиб ўтди. Мамлакатни қарийб 30 йил бошқарган ва 20 март куни президентлик ваколатини топширган Нурсултон Назарбоев илк бор сайловда номзодини илгари сурмади.

Қозоғистон президенти сайловида сайловчиларнинг 77,4 фоизи иштирок этди, дея хабар қилди МСК аъзоси Лаззат Сулейман.

«22:00 ҳолати бўйича умумий сайловчиларнинг 77,4 фоизидан сайлов бюллетенлари олинди», — деди у журналистларга.

2015 йилдаги муддатдан аввалги Қозоғистон президентлига сайловда сайловчиларнинг 95,22 фоизи қатнашган эди.

Назарбоев бошчилик қилувчи Nur Otan партиясидан номзоди илгари сурилган Қосим-Жомарт Токаевдан ташқари, яна олти киши президентликка номзодини илгари сурган. Президент беш йил муддатга сайланади. Сайловчиларнинг неча фоизи иштирок этган тақдирда ҳам сайлов бўлиб ўтган, деб ҳисобланилади. Номзод ғалаба қозониши учун сайловчиларнинг 50 фоиздан кўпроғи унга овоз бериши керак. Агарда бирорта ҳам номзод 50 фоиздан ортиқ овоз тўплай олмаса, иккинчи тур тайинланади.

5476