Россия компанияси Ливияда кимёвий қурол ишлатганликда айбланмоқда

Россия компанияси Ливияда кимёвий қурол ишлатганликда айбланмоқда

Россиянинг "Вагнер" хусусий ҳарбий компанияси Ливияда Миллий келишув ҳукумати (МКҲ)га қарши кимёвий қурол ишлатганликда айбланмоқда. Бу ҳақда МКҲ ички ишлар вазири Фатҳи Башагга таяниб маҳаллий The Libya Observer нашри хабар бермоқда.

"Вагнер гуруҳининг рус ёлланма жангчилари фронт чизиғида [Триполи жанубидаги Салоҳиддин туманида] неврологик газдан фойдаланди. Газдан заҳарланган МКҲнинг бир қатор жангчилари снайперлар томонидан ўлдирилди. Вагнер гуруҳининг ёлланма жангчиларидан ташқари ҳеч бир томон буни амалга ошира олмайди", - деди Башаг матбуот анжуманида.

The New Arab нашрининг ёзишича, ҳозир Ливияда бўлиб турган мисрлик-канадалик фотожурналист Амру Салоҳуддин твиттерда 22 апрел куни Салоҳиддин туманини бомбардимон қилганидан сўнг бир нечта МКҲ жангчилари ерга қулаганини ёзган. Улар, фотосуратчининг сўзларига кўра, титрашган ва нормал нафас ололмаганлар. 

Хабар қилинишича, ҳозир Ливияда "Вагнер"нинг 1400 га яқин ёлланма жангчилари бор. Либерал-демократик партияга кўра, улар Ливия миллий армияси (ЛМА) генерали Халифа Хафтар томонида жанг қилмоқда.

МКҲ ва ЛМА ўртасидаги қарама-қаршилик 2011 йилда Муаммар Каддофий ағдарилганидан кейин бошланган. ЛМА Ливиянинг шарқини бошқаради, МКҲ ғарбни, шу жумладан пойтахт Триполини назорат қилади. 2019 йилнинг баҳоридан бери Хафтар армияси шаҳарни эгаллаб олишга ҳаракат қилмоқда. Россия ЛМАни, Туркия эса МКҲни қўллаб-қувватлайди. 

2020 йил январ ойида Россия Президенти Владимир Путин агар Ливияда руслар бўлса, унда "улар Россия давлатининг манфаатларини ифода этмайди" деб айтган эди.