Саудия Арабистони Твиттер ижтимоий тармоғининг жосусликда айбланаётган ходимларини ишга ёллаган

Саудия Арабистони Твиттер ижтимоий тармоғининг жосусликда айбланаётган ходимларини ишга ёллаган

Саудиянинг икки ва АҚШнинг бир фуқароси Твиттердаги Саудия ҳукуматига мухолиф профилларнинг ҳақиқий эгасини аниқлаш учун биргаликда ишлаганликда айбланяпти.

Ўзига ва юритаётган сиёсатига қарши ижтимоий тармоқларда тўхтовсиз ўсиб бораётган танқидлардан норози бўлган Саудия Арабистони ҳукумати эҳтимолий мухолифларига ҳам тегишли бўлган ижтимоий тармоқдаги минглаб профилларнинг махфий маълумотларини тўплаш учун Твиттернинг икки ходимини ишга ёллаган, дейилади чоршанба куни прокурорлар берган баёнотда.

Сан-Францискодаги АҚШ округ судига берилган даъвода Саудия ҳукумати расмийлари ушбу йирик ижтимоий тармоқ ходимларини қай тариқа ишга ёллагани, уларга Твиттердаги профилларнинг махфий маълумотлари, профилларга бириктирилган электрон почта манзиллари ва жойлашгани ўрнини аниқлашга имкон берадиган Интернет протокол (IP) манзилини билиш вазифаси қўйилгани ҳақида батафсил айтилган.

Бу профиллар омма орасида машҳур бўлиб, ҳукуматни танқид қилиши билан танилган, бир миллиондан кўпроқ обуначига эга бўлган. Аммо ҳозирча бу профилларнинг номи ошкор этилмади.

АҚШ Адлия вазирлигидан билдиришларича, икки Саудия ва бир АҚШ фуқароси Твиттерда Ар-Риёддаги ҳукумат ва қироллик оиласини танқид қилувчи профилларнинг ортида ким турганлигини аниқлаш учун биргаликда иш олиб борган.

Судга берилган аризага кўра улар исми келтирилмаётган Саудия расмийси томонидан бошқариб турилган, прокурорлар уни “Қироллик оиласи аъзоси 1” деб номлашган; The Washington Post газетаси Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон шундай аталган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар қилган.

Айбланаётганлардан Али Алзабараҳ ва Аҳмад Абу Аммо Твиттер ходимлари бўлиб, Аҳмад Ал-Мутайрий маркетинг соҳасида ишлайди ва қироллик оиласи билан алоқаларга эга.

“Бугун очилган жиноий иш даъвосида Саудия агентлари мамлакат танқидчилари ва бошқа минглаб профилларга тегишли шахсий маълумотларни билиш учун Твиттернинг ички тизимларига кирганликда айбланяпти”, деди АҚШлик адвокат Девид Андерсон.

У ўз баёнотида: “АҚШ қонунлари АҚШ компанияларини бу каби қонунга зид хорижий аралашувлардан ҳимоя қилади. Биз АҚШ компаниялари ёки АҚШ технологиялари унинг қонунларига зид келувчи ташқи босимнинг қуролига айланишига йўл қўймаймиз”, деди.

Ушбу суд даъвоси АҚШ-Саудия муносабатлари совиб бораётган бир паллада юзага чиқди. Бу совуқлашиш ўтган йили Ар-Риёд расмийлари буйруғи билан мудҳиш тарзда ўлдирилган журналист Жамол Қошиқчи ишидан кейин бошланган эди. Қошиқчи АҚШнинг The Washington Post газетасига ҳам мақола ёзиб турган.

Ғарбда исми қисқартирилиб МБС деб ҳам юритиладиган Муҳаммад бин Салмоннинг ашаддий танқидчиси бўлган Жамол Қошиқчи 2018 йил октябр ойи бошида Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллиги ичида ўлдирилгант ва жасади бўлакларга бўлиниб, ташқарига олиб чиқиб, номаълум жойга кўмиб юборилган.

The Washington Post’га кўра, АҚШ махсус хизматлари ушбу қотилликка шаҳзоданинг ўзи бевосита алоқадор, деган хулосага келган.

“Ушбу жиноий даъво Саудия ҳукумати Твиттердаги маълумотлар оқимини назорат қилиш учун қай даражада чуқур киришганига далилдир”, дейди Human Rights Watch’нинг Яқин Шарқ бўйича тадқиқотчиси Адам Кугл.

“Қора рўйхат”

Твиттер Саудия фуқароларига ўз фикрларини билдириш, норозиликларини изҳор қилиш учун асосий минбардир. Мамлакатнинг 30 миллионлик аҳолисининг учдан бири бу тармоқда фаол. “Аммо Твиттернинг эркинлик сиёсати авторитар режимларни хавотирга солувчи энг катта манбадир”, дейди Кугл.

Ҳукумат сўз эркинлигини назоратда ушлаш учун турли хил усулларни қўллайди, ислоҳотчилар ва бошқаларнинг уюшишига тўсқинлик қилади, тармоқ фойдаланувчиларини чалғитиш учун троллар армиясини ишга солади. Бу чоралар баъзида Твиттер фаолларини ҳибсга олиш ва қамашгача ҳам етиб боради.

Валиаҳднинг собиқ катта маслаҳатчиси Сауд Ал-Қаҳтоний бир вақтнинг ўзида киберхавфсизлик федерацияси директори ҳам бўлган, ҳукумат танқидчиларини нишонга олиш учун Твиттерда "Black List" ҳештегини ишга солган. У 2017 йили ҳукумат аноним Твиттер фойдаланувчиларини аниқлаш учун бир қатор усулларга эгалигини очиқ-ойдин, таҳдид билан ёзган.

“Тахаллус сизни #the_black_list’дан ҳимоя қила оладими? Йўқ!” – деган Ал-Қаҳтоний шундай давом эттирган – “1) Мамлакат бу тахаллуслар ортида ким турганини аниқлаш йўлларини билади; 2) IP манзилларни бир неча хил усуллар билан топиш мумкин; 3) булар қандай қилиниши сир, мени буни айтмайман”.

“Агар сиз бу икки шахс ҳақида биз билган энг кам маълумот билан 2014 ва 2015 йилларда бўлган воқеаларни қўшсангиз, жуда қўрқинчли манзара юзага чиқади”, дейди Кугл.

Ал-Қаҳтоний Қошиқчини ўлдириш амалиётига бошчилик қилганликда айбланган. Унинг Твиттер профили эса 2019 йил сентябр ойида ижтимоий тармоқ сиёсатига зид нашрлари учун блоклаб қўйилди.

Твиттер жиноий тергов билан ҳамкорлик қилаётганини эътироф этиб, “махсус тайёргарликдан ўтган ходимлардан иборат чекланган гуруҳга профилларнинг шахсий маълумотларига киришни тақиқлагани” ҳақида баёнот берди.

“Биз Твиттердан фойдаланаётган кўпчилик кишилар ўзларининг нуқтаи назарларини изҳор қилиш сабабли ақл-бовар қилмас хавф билан юзланганини ва ҳукуматнинг эътиборига тушганини тушунамиз. Бизда уларнинг хавфсизлиги ва иш фаолиятини ҳимоя қиладиган дастурлар бор”, дейилади баёнотда.

Аммо танқидчилар Твиттер ўзи қўйган қоидаларга ўзи амал қилмаслигини, профилларнинг шахсий маълумотларига кириш имкониятини камсонли ходимларидан бошқалар учун ёпиб қўймаганини айтади.

“Агар Твиттер ўз қоидаларига амал қилганида шахсий маълумотлардан бу тарзда ноқонуний фойдаланиш юз бермаган бўларди”, дейди Нотр Дам Университети қошидаги Мендоза Бизнес Мактабидан киберхавфсизлик бўйича ўқитувчи Майк Чепл.

“Ижтимоий медиа компаниялари бундай маълумотларнинг нақадар муҳимлигини тушуниши ва имкони борича жуда кам ходимларигагина бунга кириш имконини бериб, қолганлар учун йўлни бутунлай ёпиши лозим. Акс ҳолда, фақат маълумотлар хавфсизлиги эмас, ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчиларнинг жисмоний хавфсизлиги ҳам таҳдид остида қолади”.