Саудия Арабистони тахтининг собиқ вориси шаҳзода Муҳаммад ибн Нойифнинг валиаҳдлик мақомидан маҳрум қилинишига унинг гиёҳвандликка муккасидан кетгани сабаб бўлган, деб ёзади Reuters агентлиги.
Агентликнинг қироллик оиласига яқин бўлган манбаси маълум қилишича, собиқ валиаҳд шаҳзода морфин ва кокаин каби наркотик моддалар қабул қилишга ўрганиб қолган. Шаҳзода кўплаб оммавий тадбирларда ухлаб қолган ёхуд уйқусираб турган ҳолда кўришган.
Унинг гиёҳванд моддаларга ружу қўйиши 2009 йилда «Ал-Қоида» томонидан уюштирилган суиқасд натижаси ҳисобланади. Ўшанда унинг танасида бомба парчаси қолиб кетган. Шундан сўнг шаҳзода мунтазам равишда оғриқ қолдирувчи дорилар қабул қилишга одатланган.
Reuters билан суҳбатлашган манбага кўра, собиқ валиаҳднинг қироллик оиласида мавқейи юқори бўлган. Аммо «давлатнинг олий манфаатлари йўлида» ундан тахт вориси сифатида воз кечишган. Унинг айтишича, Муҳаммад ибн Нойиф узоқ йиллардан бери гиёҳвандликдан қутулиш учун курашиб келган.
Собиқ тахт вориснинг гиёҳвандликка ружу қўйганига доир маълумотни унинг ўзидан тасдиқлашнинг имкони бўлмаган. Reuters'нинг бир қатор манбалари унинг гиёҳвандлигини тасдиқлашган. Эслатиб ўтамиз, Муҳаммад ибн Нойиф 2015 йилда Саудия тахти вориси этиб тайинланган эди. Шу йилнинг 21 июнь куни унинг ўрнига қиролнинг ўғли Муҳаммад ибн Салмон валиаҳд қилиб тайинланган.