“Албатта, санкциялар бизга ҳеч қандай таъсир қилмайди, деб айтиб бўлмайди. Улар янада муваффақият билан ривожланишимизга халақит беради, хорижий сармоялар олишга йўл қўймайди. Аммо биз анчадан бери бундай шароитдамиз ва кўникиб кетдик”, деди КХДРнинг Ижтимоий фанлар академияси иқтисодиёт институти директори Ри Сун Чхол.
Эксперт ташқи босимларга қарамасдан Шимолий Корея сезиларли ютуқларга эришганини қўшиб қўйди. “Биз санкциялар шароитида муваффақият билан ривожланишни яққол исботладик”, дейди у. Фикрининг исботи сифатида яқинда мамлакат етакчиси одамлар яшайдиган янги квартални очиб берганини келтирди. Умуман олганда, аҳвол ўтган йилгидан кўра яхшиланганлигини таъкидлади. Чхолнинг фикрича, электр энергияси таъминоти бўйича ҳам ҳолат яхшиланган.
Шимолий Корея иқтисодиётининг асосий йўналишлари электр энергетикаси, кимё саноати, ҳарбий саноат ва бошқа соҳалардир. Мутахассиснинг фикрига қараганда импорт ўрнини босишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Бу масалада айтиш мумкинки, санкциялар бизга, ҳаттоки, ёрдам бермоқда, негаки ўз технологияларимизни ривожлантиришимизни тезлаштирмоқда”, дейди Ри Сун Чхол.