Швецияда террорчилик ҳужумини тайёрлашда гумон қилинган ўзбекистонлик озод қилинди

Швецияда террорчилик ҳужумини тайёрлашда гумон қилинган ўзбекистонлик озод қилинди

Швеция ҳукумати муқаддам террорчилик ҳужумини тайёрлаш ва молиялаштиришда айбланиб 7 йил қамоқ жазосига ҳукм этилган 46 ёшли Ўзбекистон фуқаросини қиролликдан депортация қилиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда душанба куни ТТ ахборот агентлиги хабар тарқатди. Хавфсизлик полициясида тутиб турилган ушбу шахс ҳозирда озод қилинганига қарамай, ҳали Швециядан чиқариб юборилмаган. Чунки ватанида унинг ҳаётига хавф бор, деб ҳисобланган.

“Террорчилик жиноятини тайёрлаш” бўйича ишни эшитиш шу йилнинг январ-феврал ойларида бўлиб ўтган, ҳибсдаги олти кишига нисбатан айблов эълон қилинган. Улардан уч киши кимёвий моддаларга эга бўлиш ва сақлашда гумон қилинган. Бу олти кишининг барчаси террорчиликни молиялаштириш ҳақидаги қонунни бузганликда ҳам айбланган/, аммо улар бу даъволарни рад этган. Айбланганларнинг беш нафари 30-46 ёш оралиғидаги Ўзбекистон фуқаролари, яна бир киши эса Қирғизистон фуқароси бўлган.

Март ойида Швециядаги округ суди 46 ёшли гумонланувчининг “Исломий давлат” террорчилик ташкилоти билан алоқаси борлигини айтган, шунингдек, уни кимёвий моддаларга эга бўлиш ва террорчилик ҳужумини тайёрлашда айблаб, 7 йиллик қамоққа ҳукм қилган эди.

Аммо жорий йил июн ойида бўлган апелляция суди ўзбекистонликка нисбатан биринчи босқич суди чиқарган ҳукмни тасдиқламади, ундан террорчилик ҳужумини тайёрлаш айбловини олиб ташлади ва фақат террорчиликни молиялаштиришда айбдор, деб топди. Шундан кейин судланувчи хавфсизлик полицияси изоляторига жойлаштирилди, полиция эса уни миллий хавфсизликка таҳдид солувчи шахс сифатида депортация қилишга тайёргарлик кўра бошлади. Аммо полициянинг бу ҳаракати устидан шикоят қилинди ва охир-оқибат ҳукумат бу масаладаги сўнгги қарорини айтди.

Октябр ойи охирида ҳам ҳукумат хавфсизлик полицияси шу йилнинг баҳорида ўтказган амалиётлар натижасида қўлга олинган олти нафар мутаассиб исломий қарашларга эга шахсни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор чиқарган эди. Аммо улар ҳам айни вақтда озодликка қўйиб юборилган. Миграция ишлари бўйича апеллация суди қабул қилган қарорга кўра, “бу шахслар ўз мамлакатида таъқиб қурбонига айланиши мумкин”. Аммо Швеция ҳукумати бу масаладаги “тўсиқларни олиб ташлаш” устида фаол ишлаётганини айтиб келади.