«Снос»ми ёки ердан ноқонуний фойдаланиш? Улар ўртасида қандай фарқ бор?

«Снос»ми ёки ердан ноқонуний фойдаланиш? Улар ўртасида қандай фарқ бор?

Адлия вазирлигининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Нодир Тиллаев охирги кунларда яна кўтарила бошлаган “снос” масаласи бўйича халқ орасида тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун айрим масалаларга ойдинлик киритиб ўтди.

“Аввалига, ерни ҳужжатсиз эгаллаб олиш мумкин эмас.

Ер ҳоким қарорисиз (ёки бошқа ҳужжатсиз) эгаллаб олинса “ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш” деб ҳисобланади ва бу қилмиш аввалига маъмурий, сўнг жиноий жазо билан жазоланади.

Демак, бу мавзу юзасидан нимани билиш керак?

Биринчидан, фуқаро ва тадбиркорга қонуний, яъни ҳужжат асосида ажратилган ерни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш жуда мураккаб тартиб асосида амалга оширилади, ер эгасининг розилиги билан, ҳоким қарори эмас балки халқ депутатлари кенгашининг қарори асосида, компенсация тўлиқ берилганидан сўнг олиб қўйилиши мумкин.

Иккинчидан, агар фуқаро ёки тадбиркор ер участкасини ноқонуний, яъни ҳеч қандай ҳужжатсиз (ҳаттоки ёнидаги бўш турган “ҳеч кимга керак бўлмаган” ерни ҳам) эгаллаб олса, ушбу ер участкаси унинг розилигисиз олиб қўйилади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ҳоким қарори билан олиб қўйилади ва ундаги бино бузилади. Ноқонуний эгаллаб олинган ердаги бино учун компенсация берилмайди, аксинча қонунни бузган одам жаримага тортилади ва у ўз ҳисобидан ерни аввалги ҳолатига қайтариши шарт.

Учинчидан, айтайлик ер ҳоким қарори билан фуқарога ажратилган. Фуқаро у ерга уй солган. Орадан вақт ўтиб, ҳоким қарори ноқонуний деб топилиб бекор қилинди. Бунда нима қилиш керак?

Демак, ер фуқарога берилганлиги тўғрисидаги ҳужжат бекор қилинганлиги боис, фуқаро ерни ноқонуний эгасига ўхшаб қолади.

Мазкур ҳолат бўйича ҳам, қонунчиликда ечим бор албатта. “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунда виждонан ҳаракат қилувчи манфаатдор шахсларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончи қонун билан қўриқланиши белгиланган. Хўш, бу нимани англатади? Бунда фуқаро инсофли ердан фойдаланувчи бўлганлиги ва у ҳокимнинг қарорига ишониб уй қурганлиги инобатга олиниб, ерни ажратиш тўғрисидаги ҳужжат фақат ва фақат суд тартибида бекор қилиниши ҳамда фуқарога давлат томонидан компенсация берилиши шарт. Бундай ҳолатда қандай компенсацияни белгилаш суд тартибида ҳал қилинади.

Шуни алоҳида айтиш керакки, агар фуқаро ер ажратиш тўғрисидаги қарор ноқонунийлигини олдиндан билиб туриб (масалан пора эвазига, таниш-билиш ва бошқа ғайриқонуний йўллар билан олинган ерлар), ушбу ноқонуний қарорга ўзича ишониб ерга уй ёки бошқа иморат қурса, бундай фуқаронинг ишончи қонун билан ҳимоя қилинмайди. Бу масала ҳам судда ҳал бўлади.

Ер халқ бойлиги. Уни ҳеч қандай асосларга кўра ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш мумкин эмас“ — дейилади Адлия вазирлиги мутахассиси мақоласида.