СССРни қўмсаб: Путин Хавфсизлик Кенгашида постсовет интеграциясини муҳокама қилди

СССРни қўмсаб: Путин Хавфсизлик Кенгашида постсовет интеграциясини муҳокама қилди

29 июнь, душанба куни Россия Президенти Владимир Путин Россия Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари билан видеоконференция орқали тезкор учрашув ўтказди.

"Бунда ички ва ташқи сиёсатни, шунингдек, постсовет ҳудудидаги интеграция жараёнларини муҳокама қилинди", - дейилади Кремл матбуот хизмати хабарида.

Учрашувда мамлакат Бош вазири Михаил Мишустин, Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенко, Хавфсизлик Кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев, Президент девони раҳбари Антон Ваино, Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев, ТИВ Сергей Лавров, ИИВ Владимир Колоколтсев, мудофаа вазири Сергей Шойгу, ФСБ директори Александр Бортников, Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин ва президентнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экология ва транспорт бўйича махсус вакили Сергей Иванов иштирок этди. 

Кўрилган масалалар юзасидан, хусусан постсовет интеграция борасида аниқ маълумотларга тўхталмаган.

Аввалроқ Владимир Путин "Россия 1" телеканалида эфирга узатилган "Россия. Кремль. Путин" филмида СССР тарқалгач иттифоқчи республикалар "рус халқидан совға олгани ҳақида" гапирган эди. Владимир Владимировичнинг даъво қилишича, Совет Иттифоқи парчалангач, айрим республикалар "Россиянинг тарихий-анъанавий ҳудуди бўлган катта миқдордаги ерларни ўзлари билан олиб кетишган". Айнан қайси ҳудудлар ёки ерлар назарда тутилганлиги ҳам аниқ айтилмаган.