Пойтахтимиздаги энг гавжум чорраҳалардан бири бўлган Махтумқули, Темур Малик, Паркент кўчалари ва Оҳангарон шоссеси кесишган нуқтада 3 поғонали кўприк қурилиши ишлари олиб борилаётгани муносабати билан 3 октябрь кунидан эътиборан йўловчи транспорти ҳаракатига вақтинчалик ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Жумладан, 95а-автобус йўналиши, 91м-йўналишли такси, вх366-шаҳар атрофи йўналишида ҳаракатланувчи жамоат транспорти мазкур ҳудудни айланиб ўтади.
Мамлакатимиз тарихида илк марта қурилаётган 3 қаватли янги кўприк йўлдаги тирбандликни камайтириб, ҳайдовчи ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлайди. Кўприкнинг Паркент кўчасидан Оҳангарон шоссесига ўтувчи қисмида узунлиги 500 метрдан зиёд туннел қурилади. Иккинчи босқичда Қорасув даҳасидан Махтумқули кўчасига чиқувчи йўлнинг мазкур туннел устидан ўтган қисмида айланма кўприк бунёд этилади. Иккала кўприкнинг устидан ўтувчи учунчи қават Махтумқули ва Темур Малик кўчаларини туташтиради. Шунингдек, Тошкент механика заводида ишлаб чиқарилган самолётларни олиб чиқишга мўлжалланган йўл ўтказгич барпо этиш режалаштирилган.