Тошкентда ногирон шахсни автобусга чиқармаган ҳайдовчилар жазоланди

Тошкентда ногирон шахсни автобусга чиқармаган ҳайдовчилар жазоланди

Тошкентнинг Шимолий вокзал бекатида ногирон шахс 62 ҳамда 13т-йўналишида қатновчи автобусга чиқмоқчи бўлган. Ҳайдовчилар эса пандус очилмаётганини баҳона қилиб, йўловчини олмаган.

2019 йилнинг 20 февраль куни бўлган воқеа норозиликни келтириб чиқарган. Мазкур ҳолат “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти томонидан ўрганилиб, ушбу ҳайдовчилар 10 кунлик хўжалик ишларига ўтказилган.

Келгусида бундай ҳолатга йўл қўймаслик мақсадида ҳайдовчилардан кафолат хатлари олинган. Уларга пандусни ишлатиш бўйича амалий семинарлар ташкил этилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳафтанинг ҳар жума кунида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ва унинг таркибидаги корхоналарда хизмат машиналаридан фойдаланиш тақиқланганди. Шу куни барча раҳбарлар ва бошқа ходимлар ўзларига ажратилган хизмат автомобилларидан фойдаланмаган ҳолда жамоат транспортида ишга келиши ва кун давомида эҳтиёжга қараб жамоат транспортидан фойдаланиши керак эди.

Ҳозиргача бирор раҳбарнинг жамоат транспортларидан фойдаланганлиги хусусида хабарлар берилмади.