Troll.uz Бухоро ҳокими ва Меҳнат вазирини видео орқали сўроққа тутди (видео)

Troll.uz Бухоро ҳокими ва Меҳнат вазирини видео орқали сўроққа тутди (видео)

Таниқли блогер Умид Ғафуров ўзининг Troll.uz саҳофасида 17 дақиқали видеомурожаат билан чиқди. Унда Бухорода ободонлаштириш ишлари номи остида мажбурий меҳнатга жалб этилган бюджет ташкилотлар ходимлари аҳволини ёритди. Умид Ғафуров видеомурожаатда қатъий оҳангда Бухоро ҳокими бюджет муасасаси ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилганини савол остига қўйди. “Ҳурматли Барноев, Аркнинг орқасини синдирдингиз, ҳали ҳеч нарса қурмадингиз. Ваъдаларни бердингиз, бердингиз... ман видео олмадим. Дилкушо бозорини синдирдингиз, ўрнида ҳозир сизнинг укангиз нимадир қуряпти...бу нима мантиқ, ёки сизнинг хабарингиз йўқми? Сиз бошқараётган вилоятда юзлаб одам ҳар куни қабристонда ишласаю хабарингиз бўлмайдими? Ҳоким шаҳарда, вилоятда нималар бўляпти – билиши керак. Билмаса, у ҳоким эмас. Агар сиз билмаган бўлсангиз, ҳокимликка лойиқ одам эмассиз”, деди блогер.

Умид Ғафуровнинг сабр косаси тўлишига бюджет муассасада ишлайдиган онасининг ҳар куни қабристон тозалашга чиқарилгани сабаб бўлган. У бундан дарҳол хабардор бўлмаган, хабар топиши биланоқ тезда видеомурожаат билан чиқиб “Мажбурий меҳнатни тўхтатинг!” демоқда.

Умид Ғафуров, шунингдек, халққа мурожаат қилиб уларни ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишга, улардан фойдаланишга чақирди.

Видеомурожаат эълон қилингандан сўнг икки соат ўтмасдан қуйидаги хабарни телеграм саҳифасида қўйди: “Ҳозир онамни ҳокимиятга чақириб, бу хабарларга қарши матнни имзолашни сўрашибди. Ҳамма ихтиёрий келган экан 7 эрталабдан ишга. Ўқитувчилар ҳам, шифокорлар ҳам. Қайси ақл билан шундай деяпсизлар? Мард бўлиб тан олмайсанми айбингни?

Камида ОИТС маркази, 23 Интернат, Поликлиникалардан келиб ишлаганларни биламан.

Шу қабристонда ким мажбурий ишлатилган бўлса, менга ёзсин @gafurovumid. Ҳамма ихтиёрий ишлаган дейишяпти. Сизнинг ҳақларингизни талаб қилишимда менга ёрдамлашинг!”

6866