Туркияда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар карантинда нима билан банд?

Туркияда ўқиётган ўзбекистонлик талабалар карантинда нима билан банд?

Коронавирусга қарши кураш доирасида Туркия университетларида таълим онлайн тарзда олиб борилмоқда. Бундан ташқари, инфекция кенгроқ тарқалишининг олдини олиш мақсадида 20 ёшдан кичикларнинг кўчага чиқиши тақиқланган, байрам кунлари ҳамда шанба-якшанбада йирик шаҳарларда комендантлик соати жорий этилмоқда. 

Ўзбекистон ёшлари умумажаҳон ассоциацияси Туркия вакиллиги ва Туркиядаги ўзбекистонлик талабалар жамияти мана шундай шароитда турли йўналишларда таҳсил олаётган ёшларимизнинг вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида илмий-маърифий мавзуларда вебинарлар ташкил этмоқда. Жамият вакили Эргаш Жумаевнинг “Sof.uz”га маълум қилишича, вебинарларда Туркияда олий таълим муассасаларида асосан магистратура ва докторантура босқичларида таълим олаётган ўзбекистонлик ёшлар маърузалар ўқиб, иштирокчиларнинг саволларига жавоб қайтармоқда.

Бундан ташқари, вебинарларга турли соҳалар мутахассислари, ҳатто чет элдан меҳмонлар таклиф этиляпти. Хусусан, бугун маҳаллий вақт билан соат 21:00 да (Тошкент вақти билан соат 23:00 да) бошланадиган вебинарда АҚШда яшаб ижод қилаётган ватандошимиз «Америка овози» журналисти Беҳзод Мамадиев. Суҳбат учун керак бўладиган ZOOM ҳаволаси қуйидаги манзилдан эълон қилинади. Эслатиб ўтамиз суҳбатга қатнашмоқчи бўлганлар фақатгина ўз исим шарифи билан қабул қилинади.

“Талаба ёшларимиз карантин кунларини мазмунли ва қизиқарли ўтказишлари учун ҳар ҳафта онлайн  тарзда интеллектуал беллашув ҳам ўтказиб, ғолибларни тақдирлаб боряпмиз”, – дейди Туркиядаги ўзбекистонлик талабалар жамияти вакили Эргаш Жумаев.