Туркияда зилзиладан 24 соат ўтиб вайроналар ичидаги она-бола қутқариб қолинди (видео)

Туркияда зилзиладан 24 соат ўтиб вайроналар ичидаги она-бола қутқариб қолинди (видео)

Фото: Анадолу

Шу йилнинг 24 январ куни Туркия шарқида кучли зилзила юз бериши оқибатида 20 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлди ва 1000 га яқин киши жароҳатланди.

AFAD маълумотларига кўра, зилзила магнитудаси 6,8 баллни ташкил қилган ва унинг ўчоғи 10 км ер остида бўлган. Зилзиладан кейин 2,7 дан 5,4 магнитудагача 118 та афтершок қайд қилинган.

Фото: Анадолу

Анадолу агентлигида зилзиладан сўнг вайроналар остида қолиб кетган 35 ёшли она ва унинг 2,5 ёшли қизини қутқарув операцияси намойиш этилди.  Айтилишича, она-бола 24 соат давомида бетон ва деворлар остида қолган, қутқарувчилар етиб келганида, улар аҳволи ёмонлашиб, нафас олиши қийинлашиб бораётганини айтишган.

Шунга қарамай, қутқарувчилар бир неча соатлик уринишлардан сўнг қизалоқни, яна тўрт соатдан сўнг эса онани қутқариб қолишга муваффақ бўлишди.

Хабарларга кўра, ушбу зилзила Туркияда 500 мингга яқин одамга таъсир қилган.

Шунингдек, ер ости силкинишлари Сурия, Ливан, Ироқ ва Эрон ҳудудида ҳам сезилган.