Украина хорижликларга ўз чегараларини очди

Украина хорижликларга ўз чегараларини очди

Украина 28 сентабр соат 00:00 дан бошлаб хорижликларнинг мамлакатга киришига қўйилган тақиқни бекор қилди. Бу ҳақда Украина давлат чегара хизмати маълум қилди. 

"Чет элликларнинг кириб келишидаги чекловлар ҳам кўрсатилган фармон ўз кучида қолмоқда. Бу ҳукуматнинг 641-сонли қарори. Шу билан бирга, унда 28-августдан 28-сентабрга қадар 00:00 гача чет элликларнинг мамлакатимизга кириши тақиқланганлиги аниқ кўрсатилган эди. Аслида, бу кеча шу чет элликларнинг мамлакатимизга киришини тақиқловчи норма ўз кучини йўқотди. Бундан буён чет элликларнинг мамлакатимизга кириши тақиқланмайди", - деди Давлат чегара хизмати спикери Андрей Демченко Интерфакс-Украина нашрига. 

Унинг таъкидлашича, чегарачилар Украинанинг давлат чегарасини кесиб ўтишни тартибга солувчи қонунчилик нормалари, яъни "Чегара назорати тўғрисида" ги қонун, чет эл фуқароларининг мамлакатга чиқиш ва кириш тўғрисида ҳукумат қарорига амал қилишади. 

"Ушбу қоида кучини йўқотди, чунки карантин даврида Украинага киришда чет элликлар тўғрисида ҳукумат белгилайдиган алоҳида пунктлар мавжуд эмас", - деди у.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Укрианага боришни режалаштираётган фуқароларга мурожаат билан чиқди. Унда айтилишича, Украина Ҳукуматининг қарори билан 2020 йилнинг 29 сентабрдан чет эл фуқароларининг ушбу мамлакатга кириш тартиби ўзгартирилди.

Бундан буён хорижий давлатлар фуқаролари Украина чегарасини кесиб ўтишда Украинада рўйхатдан ўтган ёки мазкур мамлакатда ваколатхонасига эга бўлган ёҳуд украиналик ширкат билан шартнома тузган суғурта компанияси томонидан берилган суғурта полисига эга бўлшилари талаб этилади.

Суғурта чет эл фуқаросининг COVID-19'га чалинганида даволаниш харажатларини қоплаши ва Украинада бўлиш даврига тўғри келадиган муддатда амал қилиши керак.

Ўзбекистон Украина учун "яшил ҳудуд" га киритилган.